YouTube тармоғида эълон қилинган “Яна Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани... Бугал гал суд ва МИБ” сарлавҳали видеолавҳа юзасидан
Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2020 йил 23 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг “Н. Мавлонов” хусусий ғишт ишлаб чиқариш заводи манфаатида жавобгарлар Фарруҳ Ашрапов ва Мажбурий ижро бюроси Қоровулбозор туман бўлимига нисбатан мол-мулкни баҳолаш ва ўтказилган электрон онлайн аукцион савдо натижаларини ҳақиқий эмас деб топиш, мол-мулкни бошқа шахснинг ноқонуний эгалигидан олиб бериш ҳақидаги даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.
Когон туманлараро судининг 2020 йил 17 августдаги ажрими билан Моҳира Қурбонова ишга манфаатдор шахс сифатида жалб қилинган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан Когон шаҳар прокуратураси томонидан Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясига протест келтирилган. Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 19 январдаги ажрими билан фуқаролик иши юзасидан суд-қурилиш техникавий экспертизаси тайинланиб, мазкур фуқаролик иши иш ҳужжатлари билан бирга, экспертиза ўтказиш учун Республика Суд-экспертиза маркази Бухоро вилоятлараро бўлимига юборилган.
Шунингдек, вилоят судининг 2021 йил 2 февралдаги хати билан жавобгар Ф. Ашрапов ва унинг адвокати Ё. Зиёдуллоевнинг низоли ер майдонидаги “Ғишт пишириш ускунаси қандай (пишган ёки хом) ғиштдан қурилган?” деган саволга ҳам жавоб олишга амалий ёрдам бериш тўғрисидаги илтимосномаси қўшимча равишда ижро қилиш учун экспертиза марказига юборилган.
Айни вақтда фуқаролик иши вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2021 йил 19 январдаги ажрими билан Фуқаролик процессуал кодексининг 116-118-моддаларига асосан тўхтатилган бўлиб, мазкур иш бўйича якуний хулосага келинмаган ва ишни тўхтатишга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан сўнг тарафларга суд мажлиси бўладиган кун ва жой ҳақида белгиланган тартибда хабарнома юборилади.
Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли қарорининг 5-бандига асосан оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас”.
Фуқаро М. Қурбонова ижтимоий тармоқлар орқали кўриб якунланмаган иш юзасидан видеомурожаат эълон қилиш йўли билан судлар фаолиятига аралашишга уринаётган бўлса-да, бундай хатти-ҳаракатлар суднинг мустақиллигига, ишнинг адолатли ва холис кўриб чиқилишига таъсир этмаслигини унутмаслиги лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
ҳамкорлик бошқармаси