Facebook да эълон қилинган С. Сайдалиевнинг мурожаати юзасидан
Аризачи С. Сайдалиев Балиқчи туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Балиқчи туман хокимининг 2014 йил 17 мартдаги «Балиқчи туман ҳокимининг 2006 йил 11 январдаги 19-қ-сонли қарорига асосан Аралхон ширкат хўжалигининг тугатилиши муносабати билан шу ҳудуддаги ер майдонлари ўрнида фермер хўжалиги ташкил этилиб, ушбу фермер хўжаликлари рахбарларининг ҳар бирига пахта-ғалла етиштириш мақсадида 30 йил муддатга ерларни ижарага бериш ҳақида»ги қарорининг С. Сайдалиевга оид қисмини бекор қилиш ҳақида»ги 238-қ-сонли қарорини хақиқий эмас”, деб топишни сўраган.
Балиқчи туман маъмурий судининг 2018 йил 27 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан аризачи С.Сайдалиевнинг аризасини қаноатлантириш рад қилинган.
Фарғона вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Шундан сўнг С. Сайдалиев суд қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 227-моддасига мувофиқ кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.
Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан, башарти илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин.
Амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 233-моддаси 1-қисмининг 4-бандида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатининг тикланиши рад этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси рад этиши кўрсатилган.
Шу сабабли, қонунда белгиланган бир йиллик шикоят қилиш муддати ўтиб кетганлиги ҳамда ушбу муддатни тиклаш учун бирон-бир асос ва илтимоснома мавжуд эмаслиги боис, юқоридаги қонун талабларига мувофиқ кассация шикоятини қабул қилиш рад этилиши лозим.
Баён этилганларга кўра Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 227, 233-моддаларига асосан аризачи С. Сайдалиевнинг кассация шикоятини қабул қилиш рад этилган.
С. Сайдалиевга мазкур ажрим устидан Олий суд раиси ёки унинг ўринбосарларига шикоят қилиши мумкинлиги тушунтирилган бўлиб, ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш имкони мавжудиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси