September 29, 2020

Н. РАҲИМОВАНИНГ ВИДЕОМУРОЖААТИГА ОИД

YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Насибахон Раҳимованинг видеомурожаати юзасидан маълумот

Даъвогар Н. Раҳимова судга жавобгар Л. Абдуллаева ва Андижон шаҳар ҳокимлигига нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда Андижон шаҳар, “Шодлик” МФЙ, Ж. Раҳимов кўчаси, 20-уйга мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2019 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Н. Раҳимовани даъвоси қаноатлантирилиб, Андижон шаҳар, “Шодлик” МФЙ, Ж. Раҳимов кўчаси
20-уй-жойга нисбатан унинг мулк ҳуқуқи эътироф этилган.

Иш ҳужжатларига кўра, низодаги Андижон шаҳар, “Шодлик” МФЙ, Ж. Раҳимов кўчаси, 20-уй-жойга нисбатан 2017 йилда Л. Абдуллаевани номига фақатгина фойдаланувчи сифатида Андижон шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан кадастр йиғма жилди тайёрланган, ушбу уй-жойга ҳеч кимнинг эгалик ҳуқуқи белгиланмаган ва мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасига кўра, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).

Кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, низоли уйда Н. Раҳимова 1991 йилдан буён яшаб келсада, бироқ уй-жойга шу вақтга қадар ҳеч кимнинг эгалик ҳуқуқи белгиланмаган, яъни мазкур уй-жойни бирор бир шахснинг мулки деб баҳолаб бўлмаган, уй-жой бўйича кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган шахс Л. Абдуллаева ҳам 2010 йил 11 ноябрда вафот этган.

Биринчи инстанция суди қайд этилган ҳолатларни инобатга олмаганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди кассация инстанциясининг 2020 йил 14 майдаги ажрими билан суднинг юқорида кўрсатилган 2019 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогар Н. Раҳимовани жавобгарлар Л. Абдуллаева ва Андижон шаҳар ҳокимлигига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги даъво талабларини рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқарилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 373-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суд ҳужжатларининг қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириш ҳақидаги шикоят (ариза) билан қонунда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур Кодекснинг 422-моддасида апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Қайд этилган қонунлар талабларидан келиб чиққан ҳолда Н. Раҳимова фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 14 майдаги ажримига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят бериши лозимлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати