September 15, 2020

Б. РАҲМОНОВНИНГ ИШИГА ОИД

“Адолат кўзгуси” газетасининг 2020 йил 20 августдаги сонида чоп этилган “Халқ банки 90 фоизли омонатимизни нега бермаяпти? Ёхуд судлар 20 йилдан буён ҳал қила олмаётган низо” сарлавҳали хати юзасидан маълумот

Даъвогарлар Б. Раҳмонов Барно ва бошқаларнинг жавобгар ДТ “Халқ банки” Косон филиали, ДТ “Халқ банки” Қашқадарё вилоят филиалига нисбатан омонат маблағини кечиктирганлиги учун бой берилган фойдани, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг 2003 йил 20 майдаги ҳал қилув қарорига асосан қисман қаноатлантирилиб, банк ҳисобидан Б. Раҳмонов ва О. Раҳмонов фойдасига омонат маблағларини тўлаб бериш кечиктирилганлиги туфайли 808 249 сўм ундириш, етказилган маънавий зарар учун Б. Раҳмоновга 100 000 сўм ва О. Раҳмоновга 50 000 сўм ундириш, давлат фойдасига жавобгар ҳисобидан 161 650 сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Ушбу ҳал қилув қарори устидан келтирилган кассация шикояти фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди кассация инстанциясида 2008 йил 20 июнда кўриб чиқилган. Суднинг шу кундаги ажримига асосан фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг 2003 йил 20 майдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, келтирилган кассация тартибидаги шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Худди шундай, даъвогарлар Б. Раҳмонов, Қ. Раҳмонов, О. Раҳмонов ва Н. Бекназарова жавобгар ДТ “Халқ банки” Косон филиали, ДТ “Халқ банки” Қашқадарё вилоят филиали, Ўзбекистон Республикаси ДТ “Халқ банки” ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига нисбатан “бой берилган фойда, моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақида”ги даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судига мурожаат қилган. Суднинг 2018 йил 21 майдаги ажрими билан иш юритишдан тугатилган.

Мазкур ажримдан норози бўлиб, даъвогар Б. Раҳмонов ва бошқалар томонидан апелляция тартибида хусусий шикоят келтирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 19 июндаги ажримига асосан фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг 2018 йил 21 майдаги ажрими ўзгаришсиз, келтирилган апелляция тартибидаги хусусий шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Б. Раҳмонов ушбу суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида ариза келтирган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 350-моддаси 4 қисмига кўра, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган аризалар кўрилмайди.

Шу муносабат билан, мазкур суд ҳужжати юзасидан Б. Раҳмонов келтирган шикояти бўйича шикоят келтириш учун белгиланган уч йил муддатни ўтказиб юборганлиги ҳамда амлда бўлган вақтдаги фуқаролик процессуал қонун нормасида назорат тартибида шикоят қилиш муддати юзасидан ўтказиб юборилган муддатни тиклаш назарда тутилмаган.

Бу бўйича Б. Раҳмоновга 2020 йил 1 июлдаги 12-636-18-1-рақамли жавоб хати юборилган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати