Мулкдорга етказилган зарар суд қарорига асосан қоплаб бериладиган бўлди
Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Кичик ҳалқа йўли, 3б-уй манзилида жойлашган, 405,0 кв.метрдан иборат ер майдонига эга бўлган, икки қаватли нотурар жой биносига “E.О.” хусусий корхонасининг мулкий ҳуқуқи тасдиқланган ҳамда бу ҳақда унга 2015 йил 23 июнда TS 00222743024-46-сонли (ер участкасига) ва TS 01045332710-14-сонли (бино-иншоотга) гувоҳномалар берилган.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 26 июлдаги қарорига асосан “E.О.” хусусий корхонасига тегишли бўлган юқорида тавсифи келтирилган мулк бузиб ташлаш ҳудудига тушган, қарорда ушбу ҳудуддаги турар ва нотурар жойларнинг бузилиши ҳамда бошқа жойга кўчирилиши боғлиқ харажатлар ташаббус билдирган юридик ҳамда жисмоний шахслар, хорижий иневесторлар томонидан қонунда белгиланган тартибда қопланиши белгиланган.
“E.О.” хусусий корхонасига тегишли бўлган ва бузилишга тушган мулкларнинг қиймати “Soft Osiyo рrice” МЧЖ томонидан 950 294 465 сўмга баҳоланган ва бу ҳақда 2018 йил 18 сентябрда 209/ST-сонли ҳисобот берилган, ушбу ҳисобот “Valuation expert group” МЧЖнинг 2018 йил 18 октябрдаги
Э-06/18-сонли эксперт хулосасига кўра ҳаққоний деб топилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “O.В.С.” янги тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси давлат унитар корхонасининг мурожаатига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази мутахассиси А.Юлдашев томонидан 2019 йил 11 январда 12569/16-сонли мутахассис фикри тақдим этилган бўлиб, унда даъвогарнинг бузилишга тушган мулкининг мазкур фикр берилиш вақтидаги харажат усулида ҳисобланган бозор баҳоси 655 772 675 сўмни ташкил этиши маълум қилинган.
Шундан сўнг, “O.В.С.” ҳудудида жойлашган ҳамда бинолари бузилишга тушган (бузилган) юридик ва жисмоний шахсларга компенсация пулини тўлаш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия йиғилишининг
01-5-03-сонли баёнида бино-иншооти бузилишга тушган мулкдор, яъни “E.О.” хусусий корхонасига бузилишга тушган мулки эвазига 655 772 675 сўм компенсация пули тўлашга қарор қилинган ва кейинчалик айнан шу миқдорда тўлов амалга оширилган.
Бундан норози бўлган “E.О.” хусусий корхонаси баҳолаш ҳисоботи ишончсиз деб топилмаганлиги, мулк бузилиб бўлгандан кейин фақатгина ҳужжатлар асосида ўрганилган ҳолда берилган мутахассис фикри ҳисоботда кўрсатилган суммани камайтириш учун асос ҳисобланмаслиги каби важларни келтириб, Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган ва баҳолаш ҳисоботида кўрсатилган сумма ҳамда амалда тўланган ўртасидаги 294 521 790 сўм тафовутни ундиришни сўраган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
164-моддасида мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат эканлиги белгиланган.
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиб, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади. Худди шундай норма Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 206-моддасининг биринчи қисмида ҳам белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 911-сонли қарорига асосан 2020 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 10-бандида уйлар (квартиралар), иморатлар ва иншоотларни, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкаларидаги кўп йиллик дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан ариза берувчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши белгиланган.
Бузилишга тушган мулкларнинг қиймати “Soft Osiyo рrice” МЧЖ томонидан 950 294 465 сўмга баҳоланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Баҳоловчи ташкилотларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида” 2008 йил 24 апрелдаги
ПҚ-843-сонли Қарори билан тасдиқланган “Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисида”ги Низомнинг 38-бандида зарурат бўлганда, баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи ҳаққонийлигини текшириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолаш тўғрисидаги мазкур ҳисобот шартнома асосида бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан экспертизадан ўтказилиши мумкинлиги белгиланган.
“Soft Osiyo рrice” МЧЖнинг 2018 йил 18 сентябрдаги 209/ST-сонли баҳолаш ҳисоботи бошқа бир баҳоловчи ташкилот “Valuation expert group” МЧЖнинг 2018 йил 18 октябрдаги Э-06/18-сонли эксперт хулосасига кўра ҳаққоний деб топилган.
Гарчи, мулк белгиланган тартибда баҳоланган ва баҳолаш ҳисоботи бошқа бир баҳоловчи ташкилот томонидан экспертизадан ўтказилиб, у ҳаққоний деб эътироф этилган бўлса-да, бироқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “O.В.С.” янги тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси давлат унитар корхонаси мулклар амалда бузилгандан сўнг фақатгина ҳужжатлар ўрганилиши натижасида берилган мутахассис фикрига таянган ҳолда асоссиз равишда етказилган зарар миқдорини камайтирган.
Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 41-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши кераклиги белгиланган.
Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тақдим этилган далиллар асосида ўрганиб чиқилди ва юқорида баён этилган асослар инобатга олиниб, 2020 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилди ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “O.В.С.” янги тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси давлат унитар корхонаси ҳисобидан “E.О.” хусусий корхонаси фойдасига 294 521 790 сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.
С.Солиев
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг раиси