Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган фуқаро М. Султонованинг видеомурожаати юзасидан
Аризачи Малоҳатхон Султонова ва унинг адвокати жавобгарлар – Тошкент вилояти ИИББ ва Тошкент тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ва мажбурият юклаш тўғрисидаги шикоят ариза билан Нурафшон туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Мазкур суднинг 2021 йил 5 майдаги ҳал қилув қарорига асосан М. Султонованинг шикоят аризаси қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
М. Султонова ва унинг адвокати ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Тошкент вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясига апелляция шикояти билан мрожаат қилган ва унда биринчи инстанция судининг 2021 йил 5 майдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, жавобгарларнинг фуқаролик паспортига ҳижобда суратга тушишни таъқиқлаш тўғрисидаги ҳаракатини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, халқаро конвенция, пактлар ва декларацияларга кўра қонунга хилоф деб топишни, жавобгарлар зиммасига фуқаролик паспортига ҳижобда суратга тушишда тўсқинлиқ қилмаслик мажбуриятини юклатишни ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни сўраган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 185-моддасига асосан манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:
унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;
унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;
унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;
унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.
Ишда аниқланган ҳолатлар ва ҳужжатларга кўра, Тошкент вилояти Тошкент туман ИИБ томонидан М. Султоновага 2009 йил 16 февралда чекланмаган муддатга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти берилган.
Аризачи М. Султонова ўзининг фуқаролик паспортини биометрик шаклдаги паспортга алмаштириш масаласида 2016 йилда Тошкент тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилган.
Мазкур бўлим томонидан аризачига паспорт расмийлаштириш жараёнида фотосуратга тушиш чоғида бош кийимини ечиши лозимлиги тушунтирилган, бироқ аризачи бош кийимини ечишни истамаслигини билдириб, паспортга бош кийимида суратга тушиш истагини билдирган.
Маъмурий орган томонидан аризачига бош кийимини ечишни хоҳламаган тақдирда унга паспорт бериш рад этилиши тушунтирилган.
Шундан сўнг, аризачи юқори турувчи маъмурий органларга а паспортга бош кийимида суратга тушишга имкон беришни сўраб, ариза билан мурожаат қилган.
М. Султоновага йўлланган жавоб хатларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги ПФ-4262-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисида”ги Низом талабларига асосан унга паспорт расмийлаштириш рад қилинганлиги қайд этилган.
Суд ҳайъати аниқланган ҳолатлар ва иш ҳужжатларига кўра, Тошкент вилоят ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва Тошкент туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф эканлиги ариза ва қўшимча аризаларидаги важлари билан ўз исботини топмади, деган тўхтамга келган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекснинг 189-моддасига кўра, суд агар устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қоидалари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганлигини аниқласа, у арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ушбу кодекснинг 219-моддасига асосан апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли эканлиги белгиланган.
Шу билан бир қаторда суд ҳайъати томонидан аризачи М. Султонова томонидан суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти билан мурожаат қилишда тўланган 122 500 сўм миқдоридаги давлат божи ва 19 600 сўм почта ҳаражати тўловини инобатга олинган.
Мазкур иш юзасидан чиқарилган Тошкент вилоят Нурафшон туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 5 майдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси