YouTube да эълон қилинган фуқаро И. Ашуровнинг видеомурожаати юзасидан
Исмоил Ашуров 2011 йил 25 октябрь куни Наманган шаҳри, 1-ўтиш йўли, Зарбдор кўчаси. 15-уйда яшовчи Ҳ. Жўраевадан Наманган шаҳри, Марғилон кўчаси 164-бинода жойлашган хусусий ҳаммомнинг 12 сотих ер майдонини гувоҳлар О. Асқаров ва Қ. Юнусов иштирокида 18 000 АҚШ долларига сотиб олган.
Мазкур бино марҳум У. Мамаджановга (2010 йил 09 февраль куни вафот этган) мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган. Марҳумнинг 7 нафар фарзанди бўлиб, уларнинг бири – И. Мамаджанов 2014 йил 21 декабрда жазо муддатини ўтаб қайтган.
2014 йилда Р. Мамаджанова, И. Мамаджанов “Ҳаммом” биносини расмийлаштириш мақсадида зарур ҳаракатларни амалга оширишган.
Бироқ айнан шу жараёнда Наманган шаҳар 8-сонли давлат нотариал идорасига томонидан 2011 йил 18 февралда уларнинг онаси номига низоли бино расмийлаштирилиб, 456-сонли реестр билан қайд этилган мулк хуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома ва 457-сонли реестр билан қайд этилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномалар олинганидан хабар топишган.
2016 йилда Р. Мамаджанова жавобгарлар Ҳ. Жўраева, Наманган шаҳар 8-сонли давлат нотариал идораси, Наманган туман ҳокимлиги, И. Ашуровга нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувохнома, мулкка эгалик ҳуқуқи ҳақидаги гувоҳномани, Наманган туман ҳокими қарорини ва олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилган.
Суд ишни кўриб чиқиб, 2016 йил 6 майда даъво аризани қисман қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган.
Шундан сўнг И. Ашуров 2016 йил 25 майда ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти келтиради. Лекин давлат божи тўламайди. Суд томонидан 2016 йил 27 майда шикоятни ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилиб, И. Ашуровга белгиланган давлат божини тўлаш учун 7 кун муҳлат белгиланган.
Аммо И. Ашуров давлат божи тўламаган.
2019 йилда июнда 2016 йилда 6 майдаги Наманган туманлараро судининг қарори устидан И. Ашуров судга янги очилган ҳолат бўйича ишни қайта кўриш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 2019 йил 8 июлда суд томонидан унинг аризаси кўриб чиқилиб, асослар бўлмаганлиги учун аризани қаноатлантириш рад этилган.
2021 йил 5 май куни И. Ашуров Наманган вилоят суди раиси номига илтимоснома киритган. Унинг илтимосномаси кўриб чиқилиб, апелляция шикояти қабул қилинган ва 2021 йил 18 май куни Наманган туманлараро суди томонидан ўтказиб юборилган муддатни узрли, деб топиш тўғрисида ажрим чиқарилган ва апелляция шикояти расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Наманган вилоят судига юборилган.
2021 йил 6 июнь куни мазкур фуқаролик иши суд мажлисида мазмунан кўрилиб, мутахассис хулосасини олиш лозимлиги белгиланган. Навбатдаги суд мажлиси 2021 йил 22 июнь кунига тайинланганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси