February 16, 2021

Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Ҳусниддин Алибоевнинг билдириши юзасидан

Фуқаро Ҳусниддин Алибоев Сирдарё вилояти “Ногирон болалар ва уларнинг ота-оналари“ уюшмаси раиси вазифасида ишлаб келиб, 2020 йил 8 август куни “Facebook” ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида ҳақиқатга мос келмайдиган ёлғон хабар тарқатган.

Аниқроқ айтганда, у ўз саҳифасида “Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари маҳаллий бюджетдан 240 000 000 сўм миқдоридаги маблағни талон-торож қилишга рухсат берди!?” деган мазмунда билдириш жойлаштирган.

Бундан ташқари ушбу билдиришнинг муҳокама қисмида фойдаланувчиларнинг саволига: “Сирдарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сирдарё вилоят Молия бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосари давлат бюджети ҳисобидан 240 000 000 сўм пул маблағини қонунга зид равишда талон-торож қилинишига рухсат беришган. Мана, сизларга хушхабар!” дея асоссиз жавоблар ёзган.

Гулистон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Ҳ. Алибоевнинг ушбу хатти-ҳаракатлари ўрганиб чиқилиб, 2020 йил 19 август куни унга нисбатан тегишли тартибда 0016271-сонли маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Фуқаро Ҳусниддин Алибоевга оид маъмурий иш 2020 йил 24 август куни Гулистон шаҳар маъмурий судининг иш юритувига келиб тушган ва судья А. Турдибековнинг иш юритувига қабул қилинган.

Судья А. Турдибеков томонидан 2020 йил 24 август куни мазкур иш мазмунан кўриб чиқилиб, Ҳ. Алибоев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, яъни 446 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Суд қарорига нисбатан 2020 йил 15 октябрь куни ҳуқуқбузар Ҳ. Алибоев томонидан кассация шикояти келтирилган.

Мазкур шикоят Сирдарё вилоят маъмурий суди томонидан 2020 йил 27 октябрь куни кўриб чиқилиб, Гулистон шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 24 августдаги қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Шундан сўнг Ҳ. Алибоев Сирдарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 27 октябрдаги қарори устидан Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида шикоят келтирган. Мазкур шикоят Олий суд судьяси З. Қурбонова томонидан кўриб чиқилиб, 2020 йил 21 декабрда назорат шикоятини кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилган.

Ушбу ажрим юзасидан Ҳ. Алибоев томонидан Олий судга шикоят келтирилган бўлиб, айни чоғда мазкур шикоят тегишли тартибда ўрганилаётганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан

ҳамкорлик бошқармаси