June 1, 2021

Aks-sado Telegram-каналида эълон қилинган фуқаро М. Раҳмоновнинг видеомурожаати юзасидан

М. Раҳмонов ўз видеомурожаатида 2001 йил 4 май куни Булунғур туманидаги собиқ “Дўстлик” ширкат хўжалигидан “Шабада” ошхонаси биносини умумий йиғилиш қарорига асосан сотиб олганлигини, лекин шу кунга қадар мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказа олмаётганлигини маълум қилган.

Аниқланишича, даъвогар - Булунғур тумани адлия бўлими фуқаро М. Раҳмонов манфаатида жавобгар - Булунғур туман ҳокимлигига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат этган ва Булунғур тумани “Боғбон” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Шабада” ошхонаси (нотурар жой) биносига нисбатан М. Раҳмоновнинг номига мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2021 йил 26 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби рад қилинган.

Булунғур туманидаги собиқ “Дўстлик” ширкат хўжалиги умумий йиғилишининг 2001 йил 4 май кунги 21/5-сонли қарорига асосан “Шабада” ошхонаси биноси М. Раҳмоновга хусусийлаштириб берилган.

Бироқ, М. Раҳмонов томонидан мазкур бинонинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, яъни давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва унинг мулк ҳуқуқи юзага келмаган. Бинога нисбатан кадастр инвентаризация ҳужжатлари тайёрланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди Булунғур тумани “Боғбон” маҳалласи худудида жойлашган “Шабада” нотурар жой биноси кадастр идорасидан давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини ва унга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келмаганлигини, бундай ҳолатда ушбу бинони М. Раҳмоновнинг номига мулк ҳуқуқини эътироф этишга ҳеч бир ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмаслигини эътиборга олиб, даъво талабини қаноатлантиришдан рад қилиш ҳақида хулосага келган.

Мазкур ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида тарафларга шикоят қилиш ҳуқуқлари тушунтирилган.

Ушбу ҳал қилув қарори бугунги кунда қонуний кучда бўлиб, тарафлар томонидан шикоят ёки прокурор томонидан протест келтирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси