October 9, 2020

“Ёшлар жиноятчиликка қарши” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Давлат раҳбари ҳузурида 2020 йил 30 июнь куни ўтказилган одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган 49-сонли йиғилиш баёни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик Кенгаши котиби ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси томонидан тасдиқланган Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича тасдиқланган “Йўл харита”сининг ижроси юзасидан 2020 йил 8 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьялари, Ёшлар иттифоқи ва ОАВ ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг курсантлари ва ўқитувчилари билан “Ёшлар жиноятчиликка қарши” шиори остида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ёшлар ўртасида содир этилган жиноятлар таҳлили, жиноятларни келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш ҳамда ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилди.

Шунингдек, “Йўл харита”си ва ундаги белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан идоралараро қабул қилинган Қўшма қарор ижроси муҳокама қилинди.

Тадбир давомида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьялари томонидан “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар юзасидан кенг тушунтиришлар бериб ўтилди.

Тадбирда академия курсантлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Санжар Абдуганиев,

жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар,

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси