September 24, 2020

HOOK.REPORT САЙТИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “БУХАРА МОЖЕТ ПОТЕРЯТЬ ЕДИНСТВЕННУЮ ШКОЛУ ЧЕКАНКИ В УЗБЕКИСТАНЕ: ПРОКУРАТУРА И СУДЫ НИЧЕГО НЕ ДЕЛАЮТ” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАГА ОИД

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси Бухоро-Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси Когон туманлараро иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Кандакор” ширкатини Бухоро шаҳридаги “Гавкушон” мадрасасининг 1-қаватидаги 299,54 кв. метрдан иборат 19 та ҳужралардан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.

Аниқланишича, Бухоро вилоят давлат мулкини ижарага бериш маркази давлат унитар корхонаси (ижарага берувчи), “Кандакор” ширкати (ижарага олувчи) ва Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси Бухоро-Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси (балансда сақловчи) ўртасида 2015 йил 1 августда 1954-сонли моддий маданий мерос объектини (объектнинг бир қисмини) ижарага бериш шартномаси тузилган. Мазкур шартномага асосан “Кандакор” ширкатига топшириш ва қабул қилиш ва далолатномаси “Гавкушон” мадрасасида жойлашган жами 82,07 кв. метрдан иборат ҳужралар (хоналар) ижарага берилган.

Бухоро вилоят давлат мулкини ижарага бериш маркази давлат унитар корхонаси “Кандакор” ширкатига 2018 йил 12 январда 01/26-сонли хат билан мурожаат қилиб, ушбу фойдаланиб келаётган мадраса биносини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сонли Қарорига асосан маданий мерос объектлари инвестиция киритиш шарти билан танлов асосида беш йил муддатга ижарага берилиши ҳақида маълум қилган. Бу ҳақда тегишли веб-сайт ва “Бухоро спорти” газетасида эълон берилган.

Бироқ, мазкур эълон юзасидан “Гавкушон” мадрасасидаги ҳужраларни инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага олиш бўйича белгиланган муддат ичида таклифлар келиб тушмаган.

“Гавкушон” мадрасасининг биринчи қаватидаги жами 299,54 кв. мертдан иборат 19 та, яъни рақами 1-5 ва 8-21 бўлган ҳужралар қисми бўш бўлганлиги сабабли, Бухоро вилоят давлат мулкини ижарага бериш маркази давлат унитар корхонаси томонидан мазкур ҳужраларни “Асилбек Нури” масъулияти чекланган жамияти ижарага бериш тўғрисида 2019 йил 25 январда ижара шартномаси тузилган.

Бироқ, “Кандакор” ширкати низоли ҳудудда қурилиш ишлари олиб бораётганлиги, мадраса ҳужраларида унга тегишли буюм ва ашёлар сақланаётганлиги сабабли ижара шартномасида келишилган объектни ижарага топширишнинг имкони бўлмаган.

Бухоро вилоят давлат мулкини ижарага бериш маркази давлат унитар корхонаси “Кандакор” ширкатига 2019 йил 5 февралда 173-сонли хат билан мурожаат қилиб, ўзбошимчалик билан эгаллланган мадрасанинг ҳужраларини бўшатиб беришни сўраган, бироқ белгиланган муддат ичида бино бўшатиб берилмаганлиги сабабли судга мурожаат қилган.

Когон туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 17 майдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар “Кандакор” ширкати томонидан “Гавкушон” мадрасасининг биринчи қаватидаги жами 299,54 кв. мертдан иборат жами 19 та ҳужраларнинг ўзбошимчалик билан эгалланганлиги иш ҳужжатлари ва ишга жалб қилинган мутахассислар хулосаси билан ўз исботини топганлиги сабабли даъво қаноатлантирилган, яъни жавобгар “Кандакор” ширкати “Гавкушон” мадрасасининг биринчи қаватидаги 299,54 кв. метрдан иборат жами 19 та (рақами 1-5 ва 8-21 бўлган) ҳужралардан мажбурий тартибда чиқарилган.

Хоразм вилоят иқтисодий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 25 июлдаги қарори билан суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

“Кандакор” ширкатининг мазкур суд ҳужжатлари устидан берган назорат шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий судида 2019 йил 8 ноябрда кўрилиб, назорат шикоятини қаноатлантириш рад этилган ҳамда Когон туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 17 майдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят иқтисодий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 25 июлдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати