June 4, 2021

Kun.uz сайтида 2021 йил 25 май куни эълон қилинган “Онлайн аукциондан мулк ютган тадбиркор ўз мулкига эгалик қилолмай, йиллаб овора бўлмоқда. Бу сафар бош ролларда – сирдарёлик судьялар” сарлавҳали мақола юзасидан

Аризачи Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси “Fayz Original Savdo” МЧЖ манфаатида жавобгар Гулистон шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг 2012 йил 17 апрелдаги 12100601020398-сонли ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда турар жой биносига нисбатан мулкий ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ишини шакллантириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги талаб билан Гулистон шаҳар маъмурий судига мурожаат қилган.

Гулистон шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 9 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаблар қаноатлантиришдан рад қилинган.

Асос сифатида Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК 186-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган судга мурожаат қилиш 3 ойлик муддати ўтиб кетганлиги кўрсатилган.

Шундан сўнг аризачилар қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш учун Гулистон туманлараро маъмурий судига мурожаат қилишган ва асос сифатида Гулистон шаҳар ИИО ФМБ ТБнинг 2020 йил 12 ноябрь кунидаги айблилик тўғрисидаги масаласини ҳал қилмай туриб, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорни кўрсатишган.

Гулистон туманлараро маъмурий суди томонидан мазкур ариза қаноатлантирилиб, Гулистон шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 9 сентябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ишни янгидан умумий тартибда кўриш учун тайинланган.

Мазкур иш биринчи инстанция судида мазмунан кўрилиб, суднинг 2021 йил 26 февралдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаблар қаноатлантирилган.

Манфаатдор шахс С. Махсумов томонидан берилган апелляция шикояти асосида мазкур иш Сирдарё вилоят суди апелляция инстанциясида 2021 йил 20 апрель куни мазмунан кўриб чиқилиб, апелляция инстанцияси судининг қарори билан биринчи инстанция судининг 2021 йил 26 февралдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган. Аризачи - Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси ва “Fayz Original Savdo” МЧЖнинг аризалари қаноатлантиришдан рад қилинган.

Гулистон туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 февралдаги ҳал қилув қарорининг бекор қилинишига бўлган асосий сабаблар: аризачи томонидан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 186-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган судга мурожаат қилиш муддатини тиклаш учун бирон-бир асос келтирилмаган, шунингдек манфаатдор шахс С. Махсумов номига чиқарилган 2014 йил 18 ноябрдаги 12100603010203-сонли кадастр ҳужжатига асос сифатида фуқаро М. Исакова ва С. Махсумов ўртасида 2014 йил 24 сентябрда Гулистон шаҳар, 1-сонли Давлат нотариал идораси томонидан тасдиқланган 01/2899-сонли олди-сотди шартномаси мавжуд.

Ҳозирги кунда ушбу суд қарори қонуний кучда бўлиб, унга нисбатан кассация шикояти ёки кассация протести берилмаганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси