СУД МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ДАВРА СУҲБАТИ
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг таҳлили улар зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш, суднинг чин маънодаги мустақиллигига эришишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга оид қонунларнинг самарадорлиги ва уларни такомиллаштириш масалаларини ўрганиш мақсадида, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва соҳа мутахассислари билан биргаликда давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Б.Исламов, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Э.Иномжонов, туман жиноят ва маъмурий судлари судьялари, Тошкент шаҳар прокуратураси, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туман прокуратураси вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида соҳа мутахассислари томонидан судлар фаолиятининг бугунги аҳволи, ислоҳотлар натижалари, одил судловга эришиш ва судлар фаолиятининг очиқлиги, судларнинг жамоатчилик билан муносабати, суд қарорлари ижроси, унинг самарадорлиги, дастлабки тергов ва суд жараёнида фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлари, уларни малакали ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш масалалари, шунингдек, амалиётда учраётган муаммоларга ечим топиш мақсадида, судлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Толибжон Обидов,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди раиси