April 15, 2021

Human.uz ахборот порталининг YouTube-каналида эълон қилинган фуқаро Н. Ғуломовнинг видеомурожаати юзасидан

Нодирбек Ғуломов жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2020 йил 21 августдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан ушбу кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шунингдек, Н. Ғуломовдан жабрланувчи Cho Hyunsu фойдасига 111 404 598 сўм миқдорида моддий зарар ундириш белгиланган.

Тергов жараёнида жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш мақсадида 2020 йил 15 майдаги рақамсиз чиптага асосан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Молия иқтисод бошқармаси депозит ҳисобрақамига топширилган 30 000 000 сўм миқдоридаги маблағ Cho Hyunsu фойдасига ўтказилган.

Тергов жараёнида ундирув етказилган моддий зарарни қоплашга гаров сифатида қўйилган, Г. Эшановга тегишли “Матиз” русумли, “60 Н 247 АА” давлат рақами белгили, оқ рангли автомашинага қаратилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2020 йил 13 октябрдаги ажримига биноан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2020 йил 21 августдаги Н. Ғуломовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган апелляция протести ва апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 25 мартдаги ажримига асосан апелляция судлов ҳайъатининг 2020 йил 13 октябрдаги ажрими бекор қилиниб, Н. Ғуломовга оид жиноят иши янгидан апелляция тартибида кўриш учун Тошкент шаҳар судига юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси