ТАДБИРКОР МАНФААТИ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Тадбиркорликни ривожлантириш – мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланган. Кейинги йилларда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улардан муҳимлари рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар қисқартирилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” дастурлари тадбиркорлик истагидагиларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Натижада, янги ташкил этилган субъектлар сони 2,3 бараварга кўпайгани бунинг тасдиғидир.
Маълумки, судлар фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш орқали Президентнинг бу борада қабул қилган фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди томонидан тадбиркорлик субъектлари фойдасига 7.274.840.000 сўмлик 79 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган.
Мисол учун, “BEK ASAD” масъулияти чекланган жамияти Конимех туман тиббиёт бирлашмаси билан тузилган 2019 йил 16 декабрдаги 246-сонли олди-сотди шартномасига асосан 48.295.000 сўмлик, 247-сонли олди-сотди шартномасига асосан 60.000.000 сўмлик маҳсулотларни Конимех туманининг “Зафаробод” шаҳарчасида янги барпо этилган шифохонага топширади.
Лекин, Конимех туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тадбиркорга етказиб берган маҳсулотлари учун жами 108.295.000 сўм қарздорлик ҳадеганда тўлаб берилмайди.
Натижада ушбу низоли масала Навбаҳор туманлараро иқтисодий судида кўрилишига сабаб бўлди. Суд томонидан “BEK ASAD” масъулияти чекланган жамиятига 108.295.000 сўм ундириб берилди бу орқали тадбиркор манфаати суд томонидан тўлиқ ҳимоя қилинди.
Суд фаолиятида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Зеро, судлар чинакам адолат қўрғонига айланиши керак. Бу эса, ҳамюртларимизда Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлайди.
Шерали Ҳамидов,
Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди судьяси