Д. КУЧКАРОВНИНГ ИШИГА ОИД
2020 йил 27 августда YouTube тармоғидаги Human.uz ахборот порталининг каналида “Намозхона нега бузилаяпти?” сарлавҳали видеолавҳа юзасидан маълумот
Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг 2019 йил 18 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Қўнғирот давлат ўрмон овчилик хўжалигининг жавобгарлар Д. Кучкаров, Я. Ишмуратова ва Э. Кучкаровга нисбатан ноқонуний қурилган иморатни буздириш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилган. Ушбу суд қарорига асосан “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғини ҳудудидаги А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус Бейнеў” автомобил йўлининг 1203 км. даги “Довут ота” божхона постига яқин жойда қурилган қурилиш майдони 152,70 кв. м умумий ички майдони 98,88 кв. м иборат масжид шаклидаги иморатни жавобгарларнинг ҳисобидан буздириш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди кассация судлов ҳайъатининг 2020 йил йил 21 майдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур иш ҳужжатларига қараганда, жавобгарлар Д. Кучкаров, Я. Ишмуратова ва Э. Кучкаров “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғини ҳудудидаги А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус Бейнеў” автомобиль йўлининг 1203 км. даги “Довут ота” божхона постига яқин жойдаўзбошимчалик билан ер участкасини эгаллаб олиб, қурилиш майдони 152,70 кв. м умумий ички майдони 98,88 кв. м иборат масжид шаклидаги иморатни ноқонуний тарзда қуриб олган.
Ваҳоланки, бу иморат қурилган ер участкаси Қўнғирот тумани ҳокимининг 2016 йил 27 июндаги 337/6-сонли қарори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2016 йил 2 декабрдаги 367-сонли қарорларига мувофиқ Қўнғирот давлат ўрмон овчилик хўжалигига тегишли бўлган.
Жавобгар Я. Ишмуратова томонидан ушбу ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига қўрилган иморатга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги мурожаатлари тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб чиқилиб, мазкур иморат жойлашган ер участкалари Қўнғирот давлат ўрмон овчилик хўжалигига тегишли бўлганлиги ва бошқа бир қатор объектив сабабларга кўра иморатга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш имкони йўқлиги ҳақида хулосалар берилган.
Даъвогар Қўнғирот давлат ўрмон овчилик хўжалиги томонидан жавобгарларга ўзбошимчалик билан қурилган мазкур иморатни бузиш ҳақида бир неча маротаба ёзма равишда огоҳлантиришлар берилганлигига қарамасдан жавобгарлар иморатни ўз ихтиёрлари билан бузмаган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси 3-қисмига кўра, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Судлар ушбу конун талабларидан келиб чиқиб ҳамда жавобгарларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида иморат қурганлиги судда ўз исботини топганлигини инобатга олиб даъвогар Қўнғирот давлат ўрмон овчилик хўжалигининг даъсини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати