@SizdanTelegram каналида эълон қилинган фуқаро С. Бекхўжаевнинг видеомурожаати юзасидан
Даъвогар - “Palmy flower” МЧЖ жавобгар – С. Бекхўжаевга нисбатан даъво ариза билан судга мурожаат қилиб, жавобгарни бинодан кўчиришни ва ўзбошимча эгалланган ер майдонини қайтаришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2016 йил 1 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгар С. Бекхўжаев Тошкент шаҳар Олмазор тумани Уста Ширин 1-тор кўчаси 293-уйдан кўчирилиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдони даъвогар “Palmy flower” МЧЖнинг ихтиёрига қайтарилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 20 январдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2017 йил 4 июлдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2016 йил 1 декабрдаги ҳал қилув қарори ва фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 20 январдаги ажрими қисман ўзгартирилиб, С. Бекхўжаев Тошкент шаҳар Олмазор тумани Уста Ширин 1-тор кўчаси 293-уйдаги ер майдони ва “Маъмурий меҳмонхона ва бино”дан кўчирилиши, ер майдони “Palmy flower” МЧЖ ихтиёрига қайтарилиши белгиланган.
Мазкур суд қарорлари ҳозирги кунда ўзгартирилмаган, бекор қилинмаган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан 2016 йил 28 мартдаги давлат мулки бўлган ер участкасининг ижара шартномасига асосан даъвогар “Palmy flower” МЧЖга Тошкент шаҳар Олмазор тумани Уста Ширин 1-тор кўчаси 293-уйдаги ер участкаси 5 йил муддатга ижарага берилган, ушбу шартнома давлат рўйхатидан ўтказилган.
Жавобгар С. Бекхўжаев ҳеч бир ҳужжатларсиз ушбу Тошкент шаҳар Олмазор тумани Уста Ширин 1-тор кўчаси 293-уй манзилида 1 000 кв. м дан ортиқ ер майдонидан фойдаланиб келганлиги туфайли, даъвогар юқоридаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.
Судга тақдим этилган ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг 2017 йил 23 майдаги хулосасида С. Бекхўжаевга тегишли бўлган ер участкасининг 1987 йилдаги техник ҳужжатларига кўра майдони 316.0 кв. м бўлиб, 2015 йилда расмийлаштирилган кадастр ҳужжатларига кўра, ер участкасининг умумий майдони 1 656,42 кв. м лиги, 1987 йилдаги ер участкасига нисбатан 1 340.42 кв. м бўлган ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги, ушбу эгаллаб олинган ер майдонининг 1 059.0 кв. м қисми “Palmy flower” МЧЖга тегишли қисми, қолган 281.42 кв. м қисми давлат захира ерлари таркибидан эгаллаб олинганлиги кўрсатилган.
Қайд этилганларга кўра, С. Бекхўжаевда ўзи эгаллаб турган “Palmy flower” МЧЖга тегишли бўлган 1 059.0 кв. м ер майдонига тааллуқли ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, ушбу ер майдони юқоридаги шартномага асосан “Palmy flower” МЧЖга ижарага берилганлиги сабабли суд томонидан даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида хулосага келинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси