October 26, 2020

М. ГАЙИБОВАГА ЖАРИМА ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНГАН

Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи М. Гайибованинг билдириши юзасидан маълумот

Қарши туман маъмурий судининг 2020 йил 16 октябрь кунидаги қарорига кўра, М. Гайибова МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга МЖтКнинг 33-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Суднинг қарорига кўра, М. Гайибова 2020 йил 18 август куни соат 11.30 ларда Нишон туман ИИБ профилактика инспектори М. Жумаев билан хизмат хонасида Нишон тумани Талимаржон шаҳри Обод маҳалласида яшовчи Х. Розиеванинг қилган мурожаати юзасидан ўзаро телефон орқали гаплашаётганида М. Гайибова телефон орқали Х. Розиева ва қизи Р. Розиевани шаъни ва қадр қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилганликда айбли деб топилган.

Суд муҳокамаси давомида, ҳуқуқбузар М. Гайибовадан шахсига оид маълумотлар сўралаётган вақтда, у туғилган йилини рус тилида гапиришни бошлаган вақтида, ишда мавжуд паспорт нусхасида миллати “ўзбек” эканлиги ёзилганлиги сабабли ундан ўзбек тилида гапира олиши ёки йўқлиги сўралганда у ўзбек тилида гапира олишини, таржимон шарт эмаслигини билдириб, берилган барча саволларга ўзбек тилида равон жавоб берганлиги учун ишга таржимон иштироки таъминланмади.

Агарда М. Гайибова ўзбек тилида сўзлашишга қийналиши мумкинлигини билдирганида суд муҳокамасида таржимон иштироки таъминланиши чоралари кўриларди.

Ҳуқуқбузар М. Гайибова айбига иқрорлик билдирмаган бўлсада унинг содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракати жабрланувчи Х. Розиева ва қизи Р. Розиеванинг тушунтириши ҳамда суд муҳокамасида компьютер техникасидан фойдаланиб, бир дона ДВД-дискдаги сўзлашувлар эшитиб кўрилганда, унинг ҳуқуқбузарлик содир этганлиги шу далиллар мажмуи билан тасдиқланди.

Суд муҳокамаси МЖтКда назарда тутилган тартибда ўтказилган бўлиб, ҳуқуқбузар ва жабрланувчиларга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатлар олиб борилмаган ва уларга қупол муносабатда бўлинмаган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати