Давлат тили – миллатнинг фахридир
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинди ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бугунги кунга қадар ҳар йили 21 октябрь куни мамлакатимизда тил байрами сифатида кенг миқёсда нишонлаш анъанага айланиб,
маданий – маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Инсоният тарихида тилга доимо катта эътибор бериб келинган. Мамлакатимизда ҳам она тилимизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, унинг миллий руҳини ошириш, маданият ва санътни юксак поғоналарга кўтариш асосий мақсадлардан ҳисобланади. Шу тариқа Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги 615-сонли Қонуни билан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Ўзбек тили байрами судлар томонидан ҳам ҳар йили муносиб қарши олинади.
21 октябрь – ўзбек тили байрами муносабати билан, Навоий вилояти, жиноят ишлари бўйича Кармана туман ва маъмурий суди ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган ўзбек тили бўйича мутахассис Кармана туман 2-сонли мактабнинг она-тили ва адабиёт ўқитувчиси М.Аминова сўзга чиқиб, судья ва суд ходимларига, ўзбек тилининг пайдо бўлиши тарихи, уни тил сифатида шаклланиши, ўзбек тилига берилаётган эътибор, она тилимизнинг ривожланиши учун давлат томонидан берилаётган эътиборлар ҳақида ҳамда буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоддан қисқача маълумот бериб ўтди.
Шу ўрнида, жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси Ж.Каримов ва судьяси А.Сайдуллаевлар ҳам сўзга чиқиб, буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутиши, улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаганлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини маълум қилишди.
Ж.Мавлонов,
жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судья ёрдамчиси