September 9, 2020

Н. ЗОКИРОВНИНГ ИШИГА ОИД

2020 йил 13 августда YouTube тармоғидаги Sherzod Elparvar каналида эълон қилинган видеолавҳага юзасидан маълумот

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг 2019 йил 13 мартдаги ажримига кўра, Нуриддинхон Зокиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “б”, “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни ақли норасо ҳолатда содир этган деб топилиб, унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиб, Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига интенсив назоратда мажбурий тартибда даволатишга жойлаштириш белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 31 июлдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг Н. Зокировга нисбатан чиқарган ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд ажрими 2019 йил 5 августда ижрога қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси О. Арабов томонидан жабрланувчи С. Сафиеванинг қонуний вакили Ф. Сафиевнинг ақли норасо Н. Зокировга нисбатан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб назорат тартибида келтирган шикояти ўрганиб чиқилган.

Аниқланишича, суд Н. Зокировнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2008 йил 12 декабрдаги “Руҳий касалликка чалинган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарори тушунтиришларига амал қилиб, республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига интенсив назоратда мажбурий тартибда даволанишга жойлаштириб, асосли хулосага келган.

Шу сабабли жабрланувчи С. Сафиеванинг қонуний вакили Ф. Сафиевнинг ақли норасо Н. Зокировга нисбатан чиқарилган суд қарорлари устидан берган шикоятини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисобланган ва 2020 йил 15 октябрдаги ажрим билан Ф. Сафиевнинг назорат тартибида келтирган шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

Ушбу ажрим устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ёки унинг ўринбосарига назорат тартибида шикоят берилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати