ЮТУҚ ВА МАРРАЛАР ТАЛҚИНИ
Бугунги кунда ростдан ҳам давлат идоралари халққа ҳизмат қилмоқда. Шундай. Қонунчилигимизда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилаётир. Айниқса, жамиятимизда адолатни барқарор этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ростдан ҳам мақтовга сазовордир. Жумладан, суд тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг қамровли чораларга қарамасдан, суд фаолиятида ҳозирги кунга қадар баъзи муаммолар сақланиб келаётган эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июнда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ - 6034-сонли Фармонининг қабул қилиниши суд ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ва либераллаштириш борасида муҳим тадбирларни белгилаб берди. Биргина шуни қайд этмоқчиманки, суд тизимига жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “Бир суд - бир инстанция” тамойили жорий этилмоқда. Бу билан туманлараро, туман (шаҳар) судларининг карорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд карорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар буйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра такроран кўриб чиқиш назарда тутилмоқда. Бундай тартибда иш юритиш ҳақиқатни тўлиқ ва ошкора юзага чиқаришга ёрдам беради.
Ўтган йил давомида республикамизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари ташкил топди. Масалан, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекси ҳамда азот кислотаси заводи, Муборак, Газли ва Шўртан нефть-газ корхоналарида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қурилмалари, Тошкент металлургия заводи каби йирик қувватларга эга ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Шунингдек, 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланди. Пойтахтимиз Тошкентда 2 та янги метро станцияси ва илк бор 18 километрлик ер усти метроси фойдаланишга топширилди.
Биргина 2020 йилда ижтимоий нафақа олувчилар кўлами 2 баробарга оширилиб, 1 миллион 200 минг нафарга етказилди. Ушбу мақсадларга бюджетдан 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилди. Янги йилда аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади. Ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос “ижтимоий модели”га босқичма-босқич ўтилади.
Муҳтож аҳолини протез-ортопедик буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг нафар юртдошимиз фойдалана оладилар.
Эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами янада кенгайтирилади. Бунда 27 мингта ёки 2020 йилига нисбатан 2,5 баробар кўп оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалларини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилади.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва унда кўтарилган масалалар ҳамда ечимлар мамлакатимиз истиқболи ва равнақи йўлидаги дадил қадамдир. Шунинг учун ҳам бу мурожаатни кўпчилигимиз сабрсизлик билан кутган эдик. Бу Мурожаатномада Президентимиз эришилган ютуқлар билан биргаликда ривожланишга тўсиқ бўлувчи баъзи омиллар борасида таҳлилий ва танқидий назар орқали ўз мулоҳазаларини билдирди.
Мамлакатимизнинг барча соҳалари бўйича, аниқ ва фактик маълумотларни келтириш билан мулоҳаза юритиш асносида ёшлар ҳаёти ва уларнинг таълим-тарбиясига дахлдор бўлган ўқитувчиларнинг ўрни ва масъулияти ҳақида алоҳида тўхталди ва “Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” - деган ғояни илгари сурди.
Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз. Ва биз бунга ҳар томонлама қодирмиз. Чунки бугунги халқимиз - кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам - кечаги Ўзбекистон эмас, - деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида. Эл-юртимиз ҳозирги оғир шароитда барча синов ва қийинчиликлардан янада кучли ва иродали бўлиб чиқмокда. Ўзининг ҳаёти ва тақдири, келажаги Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур ҳис этмоқда.
Янги йилимизга “Ёшларни қуллаб-кувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилди. Чунки, бизнинг эртанги кунимиз равнақи ёшларнинг билими, савияси билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида таълим соҳасига атрофлича тўхталиб ўтди, бу борадаги амалга оширилажак ишларни алоҳида таъкидлади. Қолаверса, пандемия оқибатларини тугатиш, соғлом турмуш тарзини барқарор этиш ҳам кунимизнинг асосий вазифасидир. Бундай ишларни бажариш Ватанимиз тақдири ва келажаги билан бевосита боғлиқ экани ҳаммага ойдек равшан.
Музаффар ОМОНОВ, Жиноят ишлари буйича Гулистон шаҳар суди судьяси