ЖИНОЯТ ИШИ БЎЙИЧА КЕЛТИРИЛГАН ШИКОЯТЛАР АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА КЎРИЛМОҚДА
YouTube каналида эълон қилинган фуқаро Б. Қиятовнинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2020 йил 12 октябрдаги ҳукмига кўра, А. Мирзаев Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ушбу ҳукмга нисбатан судланувчи А. Мирзаев ва унинг ҳимоячиси томонидан апелляция тартибида шикоят келтирилган бўлиб, унда А. Мирзаевнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари йўқлиги сабабли биринчи босқич суди томондан чиқарилган ҳукмни ўзгартириш сўралган.
Шунингдек, мазкур ҳукм устидан норози бўлиб, жабрланувчи Ш. Бурхонов судланувчи А. Мирзаевга нисбатан бир қадар енгил жазо тайинланганлиги сабабли суд ҳукмини ўзгартириб, унга оғирроқ жазо тайинлашни сўраб, апелляция тартибида шикоят келтирган.
Айни пайтда ҳукмга нисбатан тарафлар келтирган апелляция шикоятлари жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати