September 28, 2020

Т. ЖИЛКИНА ВА БОШҚАЛАРНИНГ ФУҚАРОЛИК ИШИГА ОИД

Ижтимоий тармоқларда фуқаро Т. Жилкина ва унинг оила аъзоларини уйидан кўчириш ҳақида тарқалган хабар ва билдиришлар юзасидан маълумот

Аниқланишича, даъвогар - “Қўйлиқ” агрофирмаси” хусусий корхонаси агрофирмаси судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгарлар Т. Жилкина ва бошқалар “Қўйлиқ” агрофирмаси” хусусий корхонаси агрофирмасига қарашли 0,04 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, қайтариб беришдан бош тортиб келаётганини маълум қилиб, Тошкент вилояти, Зангиота тумани, “Хонобод” ҚФЙ ҳудудида жойлашган “Қўйлиқ” агрофирмаси” хусусий корхонасига доимий фойдаланиш асосида тегишли бўлган 0,323 гектар ер майдонидаги жавобгарлар томонидан эгаллаб олинган операторлар уйи ва ер майдонини қайтаришни ва бинодан кўчиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2019 йил 13 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар – “Қўйлиқ” агрофирмаси” хусусий корхонасининг жавобгарлар Т. Перегудова (Жилкина), В. Жилкин, Л. Жилкина ва Э. Жилкинага нисбатан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонини қайтариб олиш ва операторлар уйидан кўчириш ҳақидаги даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар Т. Жилкина “Қўйлиқ” агрофирмаси” хусусий корхонасига қарашли Хонобод қишлоғи, “Соҳибкор” МФЙ, Барака 1-берк кўчасидаги 2-уй ва 0,323 га ер майдони “Қўйлиқ” агрофирмаси” хусусий корхонасига олиб берилган.

Жавобгарлар Т. Жилкина, В. Жилкин, Л. Жилкина ва Э. Жилкина Хонобод қишлоғи, “Соҳибкор” МФЙ, Барака 1-берк кўчасидаги 2-уйдан чиқарилган.

Зангиота туман прокурори томонидан келтирилган апелляция протестида суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Жавобгар Т. Перегудова (Жилкина) томонидан келтирилган шикоятда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 8 июлдаги ажрими билан “Қўйлиқ” агрофирмаси” хусусий корхонасига қарашли жами 0,323 га ер майдонлари жавобгарлар Т. Перегудова (Жилкина) ва В. Жилкин томонидан ва учинчи шахс С. Темирова ва В. Темиров томонидан эгалланганлигига аниқлик киритиш мақсадида судга оид қурилиш ва ершунослик экспертизаси тайинланиб, бугунги кунда фуқаролик иши экспертизани ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қарашли Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказига юборилган ва экспертиза хулосаси олингунга қадар ушбу фуқаролик иши юзасидан иш юритиш тўхтатилган.

Мазкур фуқаролик иши экспертиза хулосалари олинганидан сўнг тикланиб кўрилиши маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати