March 10, 2021

Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган фуқаро М. Абдураҳмонованинг видеомурожаати юзасидан

Аризачи “Фазо ёғдуси” МЧЖ судга ариза билан мурожаат қилиб, унда суд ўз қарорида муддати ўтган кредит фоизидан 41 002 324 сўм, муддати ўтган график қарздорликдан 50 000 000 сўм, муддатли қарзидан 300 000 000 сўм, жами 391 002 324 сўм қарздорликни ундиришда кредит қарздорликни нотўғри кўрсатганлиги, аслида 250 000 000 сўм, жами ундирилиши лозим бўлган сумма эса 341 002 324 сўм бўлиши лозимлигини кўрсатиб, шу асосда Учқўрғон туманлараро судининг 2019 йил 26 мартдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 10 ноябрдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Учқўрғон туманлараро судининг 2020 йил 9 октябрдаги ажримига кўра, “Фазо ёғдуси” МЧЖнинг аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.

Суд ҳужжатларидан норози бўлган “Фазо ёғдуси” МЧЖ Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда мазкур суд ҳужжатларини бекор қилишни сўраган.

Фуқаролик иши ҳужжатларидан кўринишича, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2019 йил 26 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Савдо-саноат палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармасининг АТБ “Қишлоққурилишбанк” Наманган минтақавий филиали манфаатида берилган даъво аризаси қаноатлантирилиб, АТБ “Қишлоққурилишбанк” Наманган минтақавий филиали фойдасига жавобгар “Фазо ёғдуси” МЧЖ, қўшимча жавобгарлар “Стройбетон сервис Чортоқ” МЧЖ, Н. Маматкулов ва А. Иброҳимовларнинг барча турдаги ликвидли мол-мулклари ҳисобидан 2019 йил февраль ойи ҳолатига муддати ўтган кредит фоизидан 41 002 324 сўм, муддати ўтган график қарздорликдан 50 000 000 сўм, муддатли қарзидан 300 000 000 сўм, жами 391 002 324 сўм қарздорликни ундириш белгиланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 11 февралдаги ажрими билан мазкур ҳал қилув қарори қисман ўзгартирилиб, қарздорлик муддати ўтган кредит фоизидан 41 002 324 сўм, жами кредитдан бўлган қарздорлик 300 000 000 сўм жами 341 002 324 сўм қарздорлик, “Фазо ёғдуси” МЧЖдан давлат фойдасига 13 640 092 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

“Фазо ёғдуси” МЧЖ суд қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришга асос сифатида суд томонидан ундирилган қарздорликнинг миқдори нотўғри ҳисобланганлигини кўрсатган.

Амалдаги қонунчиликка асосан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорларни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш масаласини ҳал этишда Фуқаролик процессуал кодексининг 437-моддасида кўрсатилган асослар рўйхати тугал эканлиги назарда тутилган.

“Фазо ёғдуси” МЧЖнинг ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризасида кўрсатилган важлари юқоридаги модданинг бирон-бир асосига тўғри келмайди ҳамда иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам, тарафларга номаълум бўлган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган ҳолат ҳисобланмайди.

Бундан шуни англаш мумкинки, қуйи судлар юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, мазкур фуқаролик иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш учун асослар мавжуд эмаслиги ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.

Бинобарин, “Фазо ёғдуси” МЧЖнинг юқоридаги важлари бўйича биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига нисбатан келтирилган апелляция шикояти кўриб чиқилиб, Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 11 февралдаги ажрими билан ундирилган қарздорлик суммаси камайтирилиб, тўғри кўрсатилганлигини таъкидлаш жоиз.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 3 мартдаги ажримига асосан мазкур иш юзасидан қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 10 ноябрдаги ажрими ҳамда Учқўрғон туманлараро судининг 2020 йил 9 октябрдаги ажрими ўзгаришсиз, келтирилган шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан

ҳамкорлик бошқармаси