February 6, 2020

“Ислоҳот-инсон учун: суд-ҳуқуқ тизимидаги изчил ислоҳотлар шу мақсадга хизмат қилиши лозим”

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьялари томонидан туман Ёшлар иттифоқи ва ОАВ ходимлари билан ҳамкорликда Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Шўртепа” МФЙнинг биносида “Ислоҳот-инсон учун: суд-ҳуқуқ тизимидаги изчил ислоҳотлар шу мақсадга хизмат қилиши лозим” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш, вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ёшлар ўртасида содир этилган жиноятлар таҳлили, жиноятларни келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олишга қаратилди.

Шу билан бирга, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5491-сонли Фармойишининг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, жиноят ишлари сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Хусусан, судланувчи Раимқулов Жамшиддин Аллаутдинович (1980 йил 13 июль куни Тошкент вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, бир нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Навниҳол кўчаси, 28-уй, 10-хонадонда яшовчи) алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
122-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Судланувчи Ж.Раимқуловдан жабрланувчи Х.Раимқулова фойдасига 34.333.718 сўм миқдорида моддий зарар ундириш белгиланди.

Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек тумани Шўртепа МФЙда яшовчи Сулейманов Абдумалик Бахтиёрович (1984 йил 4 декабрь куни Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, бўйдоқ, вақтинча ишсиз, муқаддам судланган) Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 226-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 1 (бир) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Санжар Абдуганиев

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси