October 6, 2020

СУД РАИСЛАРИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИШДИ

Навоий шаҳридаги “Лочин”, “Ғалаба”, “Истиқлол”, “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида Навоий шаҳар ва Кармана туманлараро судлари раислари томонидан фуқароларнинг сайёр қабули ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Сайёр қабул давомида фуқароларнинг судга тааллуқли масалалар бўйича мурожаатлари қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролари ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларнинг маънавиятини ҳамда уларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини янада юксалтириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти суд амалиётидаги мисоллар билан тушунтириб ўтилди.

Хусусан, йўл транспорт ҳодисалари оқибатида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг оқибатлари, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва оилавий ажримлар ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир жараёнида судьялар томонидан ҳар бир фуқаро ўзининг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтириб, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини янада оширишда, мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланишида, ёт ғояларга берилмаслик ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишлари лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, сайёр қабул жараёнида фуқаролар томонидан берилган саволларга суд раислари томонидан тегишли тушунтиришлар берилди.

М. Рахманов

Жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар суди судья ёрдамчиси