YouTube видеохостингида эълон қилинган А. Арабовага оид жиноят иши бўйича видеомурожаат юзасидан
Аниқланишича, дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Амира Арабова 2009 йилдан “Самарқанд электр тармоклари” очиқ акциядорлик жамиятида турли лавозимларда ишлаб келиб, 2019 йил 2 декбрь кунидан Ижро интизоми бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўла туриб, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, расмий ҳужжатларга била туриб, сохта маълумотлар, ёзувлар киритиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, била туриб, сохта ҳужжатлар тузиш ва тақдим этиш йули билан ОАЖга тегишли бўлган жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш мақсадида, жамиятнинг марказий хисобхона етакчи ҳисобчиси Н. Алиризаева, девонхона мудири Л. Эмирусейинова, собиқ бош ҳисобчи Ж. Ниязов ва бош ҳисобчи ўринбосари Т. Краснащёковалар билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларига аслида хизмат сафарига бормаган ишчи-ходимларга уларнинг хизмат сафарига борганлиги ҳақида “хизмат сафари гувохномалари”га сохта маълумотларни киритиб, ушбу ҳужжатларнинг қалбаки эканлигини била туриб, ушбу ҳужжатларнинг қалбаки эканлигини ОАЖ директори ва унинг ўринбосарларига айтмасдан имзо қўйдиришга эришганлар. Бу ҳам етмагандек, жамият директорининг ходимларни хизмат сафарига юбориш ҳақидаги буйруғи бўлмаса-да, ушбу ҳужжатларни тўловга тақдим этиб, 2018 йил январь ойидан 2018 йил май ойига қадар бўлган вақт оралиғида 162 090 966 сўм, 2018 йил июнь ойидан 2019 йил февраль ойига қадар бўлган вақт оралиғида 173 564 424 сум, 2019 йил март ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 734 117 456 сўм жами шу йиллар мобайнида жуда кўп миқдордаги пул маблағларини жиноий шериклари билан бирга ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда айбланган.
Судланувчи А. Арабова ва бошқаларни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “г” банди ва 209-моддаси 2-кисми “а” банди билан айблашга доир жиноят иши 2021 йил 17 май куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг иш юритувига келиб тушган бўлиб, мазкур жиноят ишини кўриш 2021 йил 3 июнь куни соат 14:00 га суд мажлисида кўриш учун тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси