РУСТАМ УСМАНОВГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ ЮЗАСИДАН БАЁНОТ
2020 йил 17 декабрь VideoHUB | Узбекистан Telegram-каналида жойлаштирилган фуқаро Р. Усмановнинг видеомурожаати бўйича
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 1998 йил 19 октябрдаги ҳукмига кўра, Р. Усманов Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) асосан 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1999 йил 8 февралдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб, Р. Усмановнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” бандидан Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 149-моддаси 2-қисмига, 209-моддаси 1-қисмидан Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 155-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилиниб, Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 28-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда, 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган ва ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман судининг 2012 йил 1 февралдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) 2-қисми билан Жиноят кодексининг 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) га асосан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
2017 йил 7 февраль куни жазо муддати тугаши билан жазони ижро этиш муассасидан озод қилинган.
Жиноят-процессуал кодексининг 510-моддаси (ҳукм ва ажрим (қарор) устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар) да, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқ
илган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан ушбу Кодекснинг 498-моддаси (ҳукм ва ажрим устидан кассация тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар) да кўрсатилган шахслар назорат тартибида шикоят беришлари мумкинлиги белгиланган.
Бироқ, фуқаро Р. Усманов ўзига нисбатан чиқарилган суд қарорларига нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 498, 510-моддаларида белгиланган тартибга риоя этган ҳолда, Олий судга назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилмаган.
Р. Усманов Олий судга назорат тартибида шикоят килган тақдирда унга оид иш ўрганилиб, у томонидан келтирилган важлар атрофлича муҳокама қилинади ҳамда якуни бўйича тегишли қарор чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати