KUN.UZ САЙТИДА 2020 ЙИЛ 19 ОКТЯБРЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “МИБ: ПОЙТАХТ ҲОКИМЛИГИ ТЎЛАШИ КЕРАК БЎЛГАН 401,5 МЛН. СЎМ КОМПЕНСАЦИЯ БЎЙИЧА ИЖРО ҲУЖЖАТИ КЕЛИБ ТУШМАГАН” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛА ЮЗАСИДАН
Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили “Niyat Servis” хусусий корхонаси манфаатида Тошкент туманлараро иқтисодий судига 2020 йил 13 июлда ИС-35/20-1994-сонли даъво ариза билан мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш марказидан 401 539 593 сўм миқдорда компенсация тўловини ундиришни сўраган.
Суднинг 2020 йил 20 августдаги ажрими билан Тошкент шаҳар Молия бош бошқармаси ишга қўшимча жавобгар сифатида жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг ушбу иш бўйича 2020 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан даъвогар “Niyat Servis” хусусий корхонаси фойдасига 401 539 893 сўм компенсация тўлови ва олдиндан тўлаб чиқилган 17 840 сўм почта харажати, жами 401 557 433 сўм ундириш белгиланган.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг 2020 йил 29 сентябрда ижро варақа берилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 336-моддаси 5-қисмига асосан суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг ижро варақаси дастлаб ундирувчига берилган.
Даъвогар “Niyat Servis” хусусий корхонаси раҳбарининг аризаси (илтимосномаси) га кўра ижро варақаси давлат ижрочисига ижро этиш учун электрон тарзда юборилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати