Namanganliklar.Uz Telegram-каналида О. Сатторийга оид жиноят иши бўйича суд жараёнига доир видеомурожаат юзасидан
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида Жиноят кодексининг 139 (туҳмат), 140 (ҳақорат қилиш) ва 165 (товламачилик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Отабек Сатторийга оид жиноят иши юзасидан очиқ суд жараёни давом этмоқда.
Гарчанд, ушбу суд жараёнига раислик қилувчи жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг раиси Т. Абдурайимовнинг алоҳида ажрими билан суд жараёнини тўғридан-тўғри жонли эфирга узатиш тақиқланган бўлса-да, 2021 йил 11 март куни бўлиб ўтган суд мажлисини Оbzor.uz нашри вакили тўғридан-тўғри жонли эфирга узатгани аниқланиб, у раислик қилувчининг фармойишига асосан суд мажлиси залидан четлаштирилган. Зотан, суд қарорларининг бажарилиши ҳар бир фуқаро, мансабдорлар ва юридик шахслар учун мажбурийдир.
Мазкур видеомурожаатда судланувчи О. Сатторийнинг кўрсатмалари суд томонидан эшитилмаётгани иддао қилинса-да, суд залидан ёзиб олинган видеолавҳаларда (https://t.me/haqsoz/522) бу ҳолатнинг аксини кўриш мумкин. Аниқроқ айтганда, очиқлик, тенглик тамойилларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказилаётган ушбу суд жараёнида судланувчи ва бошқа иштирокчиларнинг процессуал ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмоқда.
Бинобарин, Жиноят-процессуал кодексининг 261-264-моддалари тартибида раислик қилувчи томонидан ушбу жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида жалб этилган Термиз шаҳар ҳокими И. Худойбердиев ва бошқа гувоҳларни мажбурий тартибда судда сўраш тўғрисида ажрим чиқарилган.
Гувоҳ И. Худойбердиев ва унинг адвокати С. Маматқулованинг суд мажлисида видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этишга оид оғзаки илтимосномаси суд томонидан қаноатлантирилиб, 2021 йил 19 апрелдаги суд мажлисида И. Худойбердиев Сурхондарё вилоят суди биносида видеоконференцалоқа тизими орқали гувоҳлик кўрсатмаларини берган.
Шунингдек, судланувчининг ҳимоячиси У. Давлатовнинг илтимосномасига асосан қўшимча гувоҳлар ҳам суд мажлисида гувоҳ сифатида сўралган.
Очиқ суд мажлиси мобайнида судланувчининг ҳимоячиси Х. Кўчаева томонидан раислик қилувчига нисбатан берилган раддия Жиноят-процессуал кодексининг 76-моддасига асосан кўриб чиқилган. Ушбу раддия асослантирилмаганлиги, блогерлар, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида очиқ ва шаффоф суд жараёни бўлиб ўтаётганлиги ҳамда раислик қилувчининг холислигига шубҳа уйғотувчи ҳолатлар кузатилмаганлиги инобатга олиниб, қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Суд мажлиси умумий асосларда давом эттирилган.
Суд жараёни давом этмоқда. Кейинги суд мажлиси 2021 йил 28 апрель куни соат 10.00 да ўтказилади.
Шу ўринда, суд жараёнларини ёритиб бораётган ОАВ вакиллари ва блогерлар асоссиз ва ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотларни тарқатиш, муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилиш ёки судга бошқача тарзда таъсир этиш (босим ўтказиш) қонуний жавобгарликка сабаб бўлишини ёдда тутсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси