А. ОТАЖОНОВНИНГ МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ИШИГА ОИД
YouTube видеохостингида эълон қилинган фуқаро А. Маҳмудовнинг видеомурожаати юзасидан
Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судининг 2021 йил 23 апрелдаги қарорига асосан ҳуқуқбузар А. Отажоновга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, яъни 245 000 сўм жарима жазоси ҳамда мазкур кодекснинг 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиб, ушбу кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) тартибида узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Иш ҳужжатларига кўра ҳуқуқбузар А. Отажонов 2021 йил 21 апрель куни соат 17:30 ларда Чиноз тумани, “Сарбозор” МФЙ биносида жойлашган 29-сонли ҳуқуқ-тартибот масканига кириб, фуқаролар ва маҳалла фаоллари кўз ўнгида ўз хизмат фаолиятини олиб бораётган Чиноз тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспекторининг рухсатисиз ўзининг уяли телефон аппарати ёрдамида уларни видеотасвирга олган. Шунингдек, профилактика инспекторига қўпол муносабатда бўлиб, унинг иш фаолиятига тўсқинлик қилган ва Fasebook ижтимоий тармоғи орқали ушбу мулоқотни тўғридан-тўғри эфирга узатган.
Профилактика инспектори ундан видеотасвирга олмаслик, хизмат фаолиятига тўсқинлик қилмасликни талаб қилганида, А. Отажонов ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳам шундай йўл тутишга даъват этган. Бинобарин, ижтимоий тармоқ орқали ички ишлар органлари ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида била туриб, ички ишлар ходимлари ҳақида сохта уйдирмаларни тарқатган ва бунинг натижасида Fasebook ижтимоий тармоғининг кўплаб фойдаланувчилари орасида ички ишлар ходимлари тўғрисида асоссиз равишда салбий фикрлар уйғотишга эришган. Шу йўл билан ИИБ ходимларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотлар тарқалишига сабабчи бўлган.
Ҳуқуқбузар А. Отажоновнинг айби гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Чиноз тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори Т. Наркуловнинг, Чиноз тумани, “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Д. Дусматованинг тушунтиришлари, ИИБ ходимларининг ҳолат юзасидан берган билдиргилари, тушунтириш хатлари, Fasebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари томонидан асоссиз равишда ИИБ ходимларининг шаънига билдирилган салбий фикрлар ва ишга тикилган бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган.
Суд томонидан А. Отажоновга суднинг мазкур қароридан норози бўлган тақдирда юқори инстанция судига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган.
Албатта, плюрализм, яъни фикрлар хилма-хиллиги, асосли ва ўринли танқид мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Аммо, мазкур видеолавҳадан ўрин олган айрим салбий ҳолатлар, яъни судьянинг шаъни ва қадр-қимматини ерга уришга интилиш, судга ҳурматсизлик кўрсатиш, суд қарорини ноўрин танқид остига олиш ҳеч кимга наф келтирмайди. Шундай экан, нафақат судьялар ва суд тизими ходимлари, айни чоғда ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар ҳам ўз фаолиятларини қонунийлик, холислик ва одиллик тамойиллари асосида амалга оширсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси