ЁШЛАР КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ
Сирдарё вилояти юридик коллежида “Ёшлар коррупцияга қарши” мавзусида ҳуқуқий тадбир бўлиб ўтди. Унда коллеж ўқувчилари ҳамда Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи И.Карабаев, фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг судьяси Ў.Розиқов, жиноят ишлари бўйича Ховос тумани судининг раиси Б.Мамадаминовлар иштирок этиб, мавзу юзасидан маъруза қилдилар.
Сўзга чиққанлар коррупциянинг содир этилишига, унинг ривожланиб авж олишига асосий сабаблардан бири бу таълим соҳасида, яъни ёш кадрларни етказиб берувчи масканларда юз бераётганлигига эътибор қаратдилар.
Ёшлар бу иллатга ўзлари хохламаган ҳолда аралашиб қолишмоқда. Энг ачинарлиси шуки бу ҳолатлардан сўнг баъзи бир ёшлар таълим олиб бўлгач иш фаолиятида билиб билмай ўрганган бу қинғир ишларини давом эттиришга уринишмоқдалар. Бундан кўриниб турибдики коррупция ва порахўрликдек ёмон иллатларни олдини олиш учун биз аввало таълим соҳасига эътиборимизни қаратиб, тартиб интизомни кучайтириш лозим.
Шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб алоҳида таъкидлади. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради.
Тадбирда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш масалалари ҳақида сўз борди.
Бахтиёр Мамадаминов,
Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси