November 13, 2020

“RUXSAT SHAXNOZA” ХУСУСИЙ КОРХОНАСИНИНГ ИШИГА ОИД

Facebook ижтимоий тармоғида Шахзод Файзуллаев томонидан эълон қилинган билдиришлар юзасидан маълумот

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Рухсат Шахноза” хусусий корхонасидан 226 484 АҚШ доллари кредит асосий қарзини, 309,04 АҚШ доллари фоиз қарзини ундиришни, ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратишни сўраган.

Қоракўл туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 22 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 226 484 АҚШ доллари кредит асосий қарзи, 309,04 АҚШ доллари фоиз қарздорлиги ва олдиндан тўланган 17 840 сўм почта харажатлари ундирилган.

Ундирув гаров мулки, жавобгар “Рухсат Шахноза” хусусий корхонасига тегишли бўлган Бухоро тумани “Шехонча” МФЙ Шехонча қишлоғида жойлашган умумий ер майдони 3090,2 кв.метр,қурилиш майдони 432,29 кв. метр 19 хоналардан иборат бўлган бино-иншооти ҳамда қурилиш ости 344,7 кв. метр ер майдонида жойлашган қурилиши тугалланмаган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчалари бинолари ва 450 тонна, деворлари эни ва бўйига 10 метрдан, баландлиги 6 метрни ташкил этадиган 4 та камерадан иборат музлатгич ва жиҳозларга қаратилган.

Жавобгардан республика бюджетига 45 946 347,58 сўм давлат божи ундирилган.

Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Жавобгар суд ҳужжатидан норози бўлиб берган кассация шикоятида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш чораси сифатида карантин жорий этилиши сабабли молиявий қийинчиликка дуч келганлигини учун кредитни ўз вақтида тўлай олмаганлиги, кредит тўловлари 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктирилиши лозимлиги, шу сабабли даъво талаби рад этилиши кераклиги, суд бу ҳолатларни инобатга олмаганлиги билдирилиб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш сўралган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2015 йил 5 ноябрда 138-сонли кредит шартномаси тузилган.

Кредит шартномасининг 2.1.1-2.1.2-бандларига кўра банк қарздорга Ҳалқаро тараққиёт ассоциациясининг 240 000 АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини 84 ой муддатга (шундан 12 ой имтиёзли даври) 2015 йилнинг 5 ноябрдан 2022 йил 5 ноябрга қадар йиллик 5,5 фоиз тўлаш шарти билан қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини сақлаш фаолиятини ривожлантириш учун музлатгич ускуналари сотиб олишга ажратиш мажбуриятини, шартноманинг 7.3 бандига кўра қарздор эса шартноманинг ажралмас қисми бўлган 1-иловага мувофиқ кредит фоизларини ва кредит асосий суммасини қайтариш мажбуриятини олган.

Банк филиали ва жавобгар ўртасида 2018 йил 4 июнда 2015 йил 5 ноябрдаги 138-сонли кредит шартномасига ўзгартириш киритиш тўғрисида 2-сонли келишув шартномаси тузилган. Шартноманинг амал қилиш муддати 144 ой муддатга, 48 ой имтиёзли давр билан, яъни 2027 йил 5 ноябргача узайтирилган.

Тарафлар ўртасида кредит таъминоти сифатида 2015 йил 27 ноябрдаги навбатдаги ипотека шартномаси тузилган. Унга кўра “Рухсат Шахноза” хусусий корхонасига хусусий мулк асосида тегишли бўлган 780 000 000 сўмга баҳоланган Бухоро вилояти, Бухоро тумани, “Шехонча” қишлоқ фуқаролар йиғини, Шехонча қишлоғида 3090,2 квадрат метр ер майдонида жойлашган, қурилиш майдони 432,29 кв. метр, 19та хоналардан иборат бўлган бино-иншоот, 176 000 000 сўмга баҳоланган қурилиши тугалланмаган “савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчалари” бинолари, 140 000 000 сўмга баҳоланган С. Қудратовга тегишли бўлган Бухоро шаҳар Ҳавзи Бодом кўчаси 87-уйда жойлашган “савдо дўкон ва ошхона биноси” гаровга қўйилган.

Тарафларнинг суд мажлисида берган баёнотларига қараганда 140 000 000 сўмга баҳоланган С. Қудратовга тегишли бўлган Бухоро шаҳар Ҳавзи Бодом кўчаси 87-уйда жойлашган савдо дўкон ва ошхона биноси гаровдан чиқарилган.

Даъвогар кредит шартномасига асосан жавобгарга 240 000 АҚШ доллари миқдоридаги кредит суммасини ажратиб, олган мажбуриятини бажарган.

Жавобгар кредит маблағлари ва фоизларини тўлаб бориш муддатларини бузиб, кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини бажармаган.

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Бухоро минтақавий филиалининг 2020 йил 18 февралдаги 01/07-10-581-сонли маълумотномасидан аниқланишича, жавобгарнинг кредит шартномасига асосан 2020 йил 18 февраль ҳолатига кредит асосий қарзи 226 484 АҚШ долларини (шундан 3 672 АҚШ доллари муддати ўтган қарздорлиги), фоиз қарздорлиги 309,04 АҚШ долларини ташкил қилган.

Банк филиали томонидан жавобгарга 2020 йил 6 февралда 01/07-10-100 сонли ва 26 февралда 05/07-10-500-сонли огоҳлантириш хатлари юборилиб, кредитнинг асосий қарзи ва фоиз қарздорлигини қоплаб бериш сўралган.

Жавобгар банкнинг талабномаларини эътиборсиз қолдирганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан кредит қарздорлигини ундиришни, ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратишни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 744-моддасининг биринчи қисмига кўра кредит шартномаси бўйича бир тараф—банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

ФКнинг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофик, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

ФК 736-моддасининг иккинчи қисмига кўра агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 4.4-бандига кўра банк мазкур шартноманинг VII-бобида қарздорга юклатилган барча мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга ва ушбу мажбуриятлар бажарилмаса ёки лозим даражада бажарилмаса банк кредит беришни тўхтатиб қўйиши ёки берилган кредитни муддатидан олдиндан қайтарилишини талаб қилиши мумкин, жумладан кредитдан фойдаланиш учун банкка тўланадиган фоизлар белгилангн муддатдан 30 кундан ортиқ кечиктирилганда банк қарздорга ёзма равишда хабардор қилган ҳолда 10 кун муддат ичида кредитни ва унга ҳисобланган фоизларни ҳамда жарималар билан биргаликда қайтариб тўлашни талаб қилишга ҳақли.

ФК 279-моддасининг биринчи қисмига кўра гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундиpувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорининг 21-бандига кўра, гаров мажбуриятларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда шуни ҳам ҳисобга олиш зарурки, қарздор томонидан гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантириш олш ҳуқуқига бошқа кредиторларга қараганда имтиёзга эга бўлади.

ФК 280-моддасининг биринчи қисмига кўра гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади.

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Бошқарувининг 2020 йил 6 апрелдаги 8-сонли қарори 3, 4-бандларида коронавирус пандемияси шароитида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”дан кредит қарздорлиги мавжуд бўлган ва молиявий қийинчиликка дуч келган юридик ва жисмоний шахслар кредит тўловларини қайтаришда қуйидаги имтиёзли муддатлар берилиши, яъни юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ажратилган кредитлар бўйича тўловларнинг асосий қарз қисмини 6 ой муддатгача, яъни 2020 йил1 октябргача кечиктириш, имтиёзлар 2020 йил 6 апрелдан бошлаб 2020 йил1 март ҳолатига асосий қарздан ва фоиз тўловларидан муддати ўтган қарздорлиги бўлмаган юридик шахс ва жисмоний шахсларга қўлланиши кўрсатиб ўтилган.

Жавобгарнинг 2020 йил 1 март ҳолатида кредитнинг асосий қарзидан ва фоизлар тўловидан муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган.

Биринчи инстанция суди жавобгар кредитни қайтариш жадвалини, муддатларини Ўзбекистон Республикасида карантин эълон қилингунга қадар бир неча маротаба бузганлигини, даъвогарнинг кредитнинг асосий қарзи ва фоиз қарздорлигини ундириш талаби асосли эканлигини, кредит тўловлари тўланмаган тақдирда ундирув гаров мулкига қаратилиши тарафлар келишувида назарда тутилганлигини, ушбу ҳолатлар иш ҳужжатлари ва тарафлар кўрсатмалари билан тасдиғини топганлигини инобатга олиб, қонун талаби ва ишда аниқланган ҳолатларга асосланиб, даъвогарнинг кредит асосий қарзи ва фоиз қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.

ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ушбу модданинг тўққизинчи қисмига кўра ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация, назорат шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.

Кассация инстанцияси суди ишда аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблаб жавобгар “Рухсат Шахноза” хусусий корхонасининг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этган. Ҳамда жавобгар “Рухсат Шахноза” хусусий корхонасидан кассация инстанцияси учун республика бюджетига 22 973 174 сўм давлат божи ундирилган.

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра иқтисодий судларга бериладиган мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилиши белгиланган.

Биринчи инстанция суди томонидан ундирилиши лозим бўлган давлат божини муҳокама қилиниб, тарафлар ўртасидаги низо жавобгарнинг айби билан келиб чиққанлиги сабабли жавобгардан 45 946 347,58 сўм давлат божи Республика бюджетига ундирилган.

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра апелляция, кассация ва назорат тартибида берилган шикоятлардан биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.

Кассация инстанцияси суди томонидан жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилганлиги боис кассация инстанцияси суд харажатларини жавобгардан ундиришни лозим топиб “Рухсат Шахноза” хусусий корхонасидан кассация инстанцияси учун республика бюджетига 22 973 174 сўм давлат божи ундирган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати