Muxbir Daliyev Telegram-каналида журналист Хуршид Далиев томонидан эълон қилинган билдириш юзасидан
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2020 йил 25 майдаги ҳукмига кўра Ш. Ниязметов (1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 370 баравари – 82 510 000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 12 ноябрдаги ажримига кўра суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган
Суд ҳукмига кўра Ш. Ниязметов “Ўзтрансгаз” АЖ Тошкент вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси лавозимида ишлаб келиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида 2019 йил 23 октябрь куни фуқаро У. Юнусовнинг таклифи билан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Янги шаҳар кўчасида жойлашган “Grand Hall” умумий овқатланиш шаҳобчасида учрашиб, ўзаро сухбат давомида У. Юнусовнинг “Komfort Elit” МЧЖга қарашли замонавий иссиқхонага йиллик газ лимити ажратиб бериш ва табиий газдан доимий равишда фойдаланишга рухсат олиб беришда ёрдам беришни сўраб қилган таклифига бу масала юқори идорада ишловчи танишлари орқали 10 000 АҚШ долларига ҳал қилиш мумкинлигини билдирган.
Шундан сўнг, Ш. Ниязметов 2019 йил 25 октябрь куни соат 10:30 ларда Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Касаба кўчасида жойлашган Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти биноси яқинида, фуқаро У. Юнусов билан учрашиб, “Каптива” русумли, давлат рақам белгиси 10 272 MBA бўлган хизмат автомашинасида фуқаро У. Юнусовдан Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани, “Ийкота” ҚФЙ, “Гулбоғ” МФЙ ҳудудида ташкил этилган “Komfort Elit” МЧЖга қарашли замонавий иссиқхонага йиллик газ лимити ажратиб бериш ва табиий газдан доимий равишда фойдаланишга рухсат олиб бериш эвазига 9 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланиб, жиноятни охирига етказа олмаган.
Маълумот учун, Ш. Ниязметов муқаддам айнан ушбу жиноятига ўхшаш жиноятлар содир этганлиги туфайли, яъни “Қибрайтумангаз” филиали бошлиғи лавозимида ишлаган даврида содир этган жиноятлари учун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2013 йил 20 ноябрдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209 (мансаб сохтакорлиги), 210 (пора олиш) моддалари билан судланган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки чиқарилган суд қарорларидан норози бўлган тақдирда Ш. Ниязметов тегишли тартибда Олий судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати