Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Рашид Аллашукуровнинг ўз саҳифасида эълон қилинган билдириши юзасидан
Рашид Аллашукуров Шарқий ҳарбий округ ҳарбий судининг 2013 йил 5 июлдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисми, 167-моддаси 2-қисми “г” банди, 209-моддаси 1-қисми ва 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида, яъни 31 460 000 сўм жарима жазоси тайинланган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 52-моддасига асосан Р. Аллашукуров “капитан” ҳарбий унвонидан маҳрум қилинган.
Р. Аллашукуровнинг кассация тартибида келтирган шикоятига асосан жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси томонидан кўриб чиқилиб, 2020 йил 25 сентябрдаги ажримга асосан ҳукм ўзгартирилган.
Мазкур ажримга кўра Р. Аллашукуров Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси 1-қисми бўйича, шунингдек, 210-моддаси 3-қисми “в” банди бўйича айбсиз деб топилган ва Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилиниб, жиноят ишининг шу қисми ҳаракатдан тугатилган.
Р. Аллашукуровнинг ҳаракатлари (У. Қўшматовдан қиймати 2 000 000 сўм бўлган 500 метр арматура ва 1 000 АҚШ долларини қарзга олганлик ҳолати) Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” бандидан Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилинган.
Р. Аллашукуровга Жиноят кодексининг 33-моддасига асосан Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида, яъни 6 292 000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Жарима тўлиқ тўланганлиги инобатга олинган.
Ҳукмнинг Жиноят кодексининг 52-моддасига асосан Р. Аллашукуровни “капитан” ҳарбий унвонидан маҳрум қилиш қисми бекор қилинган.
Р. Аллашукуров жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2020 йил 25 сентябрдаги ажримининг ижросига тааллуқли масала юзасидан 2020 йил 20 октябрь куни Ҳарбий судга ариза билан мурожаат қилиб, аризасида қисман оқланиб, унга Жиноят кодекси 301-моддаси 1-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида – 6 292 000 сўм жарима жазоси тайинланганини, Шарқий ҳарбий округ ҳарбий судининг 2013 йил 5 июлдаги ҳукми билан тайинланган энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари, яъни 31 460 000 сўм миқдоридаги жаримани 2013 йил август ойида тўлиқ тўлаганини баён қилиб, ўзи томондан ортиқча тўланган энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари, яъни 89 200 000 сўмни қайтариб беришни сўраган.
Р. Аллашукуров ҳарбий судга ариза тақдим этиб, аризасини ўзининг иштирокисиз кўришни сўраганлиги сабабли, унинг мазкур аризаси Фарғона ҳарбий суди томонидан жиноят иши материаллари билан бирга кўриб чиқилиб, 2020 йил 17 ноябрдаги ажримга асосан Р. Аллашукуров томонидан жарима тариқасида тўланган 31 460 000 сўмнинг 25 168 000 сўм қисми (31 460 000 – 6 292 000) тегишли молия органлари орқали ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳисобидан Р. Аллашукуровга ундирилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
ҳамкорлик бошқармаси