September 18, 2020

ҲАЗИЛНИНГ ТАГИ ЗИЛ

Яқин ўртоқлар бир-бирларига ҳазил қилса, узоқдан кўрган киши уларнинг бир-бирига бўлган муносабатини кўриб хурсанд бўлади, кўнгли ёришади.

Бироқ, ҳар доим ҳам қилинган ҳазиллар яхшилик билан тугамайди, балки оғир оқибатларга сабабчи бўлиши мумкинлиги инсон ёдидан кўтарилади.

Ж.Мавлонов(исм-шариф шартли) ҳам ўртоғи Ж. Чориев билан ҳазиллашиб кураш тушмоқчи бўлганди. Оқибати эса...

Воқеа ҳақида қисқача...

Ж.Мавлонов 2020 йил 3 июнь куни соат 06:30ларда, Нурота тумани, Саиджон Эшон қишлоғида яшовчи қишлоқдоши Ж. Чориевнинг яшаш уйига қурилиш ишларида ёрдам бериш мақсадида келиб, ушбу хонадонда кийимларини алмаштираётган вақтида таниши Ж. Чориев билан ўзаро ҳазиллашган куйи кураш тушиб, ўзини содир этаётган ҳаракати оқибатида таниши Ж. Чориевга тан жароҳати етказиши мумкинлигига кўзи етиши лозим бўлса-да, аммо жиноий бепарволикка йўл қўйиб, уни ўнг қўлини кураш усулида қаттиқ тортиши оқибатида Ж. Чориев “ўнг ўмров акромиал бирикмаси тўлиқ узилиши” каби ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган.

Суд мажлисида судланувчининг қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, содир қилган жиноятининг ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ англаб етганлигини, унинг бутун ҳаёти ҳали олдинда эканлиги инобатга олиниб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Суд Ж. Мавлоновга тўғри йўлда юриши, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этмаслиги учун имкон берди. Қилган ишидан тўғри хулоса чиқариш албатта унинг ўзига ҳавола...

Зафар Ибрагимов,

Жиноят ишлари бўйича

Нурота туман суди раиси