ЯНГИЧА ФИКРЛАЙДИГАН АВЛОД
Навоий вилояти Кармана туманлараро иқтисодий суди, жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди Навоий Давлат педагогика институти билан ҳамкорликда “Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш-ёшларнинг кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлишининг муҳим омилидир” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси Ш.Ғофуров, жиноят ишлари бўйича Қизилтепа тумани суди раиси А.Раҳимов, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлар иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар томонидан мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, келажагимиз бўлмиш ёш авлодни ҳар томонлама комил ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келиниши, дастлабки йилларида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бу борадаги олиб бориладиган ишларимизнинг ҳуқуқий асосларини яратиб бераётганлиги, ўтган йиллар мобайнида ёшларимизни билим олишлари ва жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини эгаллашлари учун барча шарт-шароитларга эга бўлган замонавий таълим муассасалари барпо этилганлиги ва мазкур таълим муассасаларига ёшларимиз тўлиқ қамраб олинганлиги таъкидлаб ўтилди.
Таъкидландики, бугунги ёшларимиз янгича фикрлайдиган, ўз келажагини жамиятда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш билан, мамлакат келажагини эса, демократик тамойилларга боғлиқ ҳолда кўрадиган янги авлод вакилларидир. Эътиборга молик яна бир жиҳат шуки, мамлакатимиз ёшларининг ўткир зеҳнли, билимга чанқоқ, юксак маънавиятли экани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Учрашувда ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиши ватанимизнинг истиқболида муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Шу боис, бугун судьялар, ҳуқуқшунослар ва кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардан бири, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ижтимоий фаоллигини намойиш этишларига ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратишдан иборатдир.
Тадбир якунида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти, йигит-қизларнинг бу борадаги масъулияти ҳақида сўз юритилди ҳамда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ривожлантириш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Хуршид Ниёзов,
Кармана туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири