Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган фуқаро М. Қобиловнинг видеомурожаати юзасидан
Даъвогар МухторхонҚобилов жавобгар “Eriell Oilfield Services Middle East DMCC” компаниясига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли деб топиш, ишга тиклаш ва мажбурий ишламаган кунлари учун иш ҳақи ундиришни сўраган.
Иш ҳужжатларига кўра даъвогар М. Қобилов билан жавобгар “Eriell Oilfield Services Middle East DMCC” компанияси ўртасида 2018 йил 3 апрелда бир йил муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, компаниянинг шу кундаги буйруғига асосан М. Қобилов ҳайдовчи вазифасига ишга қабул қилинган. Иш фаолияти давомида даъвогар компаниянинг 2018 йил 5 октябрдаги буйруғи билан интизомий жавобгарликка тортилиб, унга ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима жазоси берилган. Иш берувчининг 2019 йил 1 апрелдаги буйруғига асосан даъвогар М. Қобилов билан тузилган меҳнат шартномаси муддати тугаганлиги сабабли бекор қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2019 йил 20 сентябрдаги ажрими билан даъвогар иккинчи чақирув бўйича судга келмаганлиги сабабли даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2020 йил 23 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 8 февралдаги ажримига асосан биринчи ва апелляция инстанциялари судларининг ажримлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.
Мазкур иш фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, 2021 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар томонидан келтирилган важлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли даъвони қаноатлантириш рад қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар М. Қобилов томонидан апелляция шикояти берилган ва ишни апелляция инстанциясида кўриб чиқиш 2021 йил 18 май кунига тайинланганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси