СУД ЖИНОЯТ СОДИР ЭТГАН ШАХСГА ИМКОН БЕРДИ
Жорий йилнинг 3 март куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш Департаментининг Навоий вилоят бошқармаси Нурота тумани бўлими ҳамда ДХХ ходимлари томонидан фуқаро Б.Нарзиев аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, судланувчи Ф.Хотамов (1995 йил Нурота туманида туғилган) фуқаро Б.Нарзиевга 10.000 АҚШ долларларни 95.550.000 сўмга сотишга келишиб, Нурота шаҳри А.Темур кўчасида 10 000 АҚШ долларларини 95.550.000 сўмга сотаётган вақтида ушланиб, валюта қимматликлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ушбу холат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга оширилган.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Нурота туман судида судланувчи Ф.Хотамовга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд муҳокамасида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Суд мажлисида судланувчининг қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, содир қилган жиноятининг ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ англаб етганлигини, унинг бутун ҳаёти ҳали олдинда эканлиги, Ёшлар иттифоқи Нурота туман кенгаши судланувчининг бундан кейин жиноят содир қилмай тўғри йўлда юриши учун берган кафиллик хати асосида суд Ф.Хотамовга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди.
Суд Ф.Хотамовга тўғри йўлда юриши, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этмаслиги учун яна бир имкон берди. Қилмишидан тўғри хулоса чиқариш эса, албатта, унинг ўзига ҳавола...
Зафар Ибрагимов,
Жиноят ишлари бўйича
Нурота туман суди раиси