Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш – одил судловга эришишнинг бош мезони
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашда, фуқароларнинг конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда, жамиятда адолатни қарор топтиришда суд органларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ўтган уч йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар суд органлари ва судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилди.
Бу ислоҳотлар доирасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Олий суд, шунингдек, судьялар мустақиллиги конституциявий принципини амалда таъминлашга қаратилган янги тузилма – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Судьялар ваколат муддатининг илк беш ва ўн йиллик даври ўтганидан сўнг лавозимда муддатсиз бўлиш тартиби жорий қилинди.
Давлат органлари билан фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида вужудга келадиган низоларни ҳал қилувчи махсус маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Ижро ҳокимиятининг судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Олий судга ўтказилди. Халқ билан очиқ мулоқот қилиш доирасида судлар фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари иштирокида мунтазам брифинглар ўтказиш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини суд йўли билан ҳимоя қилиш аҳволи ҳамда жиноят, ҳуқуқбузарлик ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатларни келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш борасидаги судлар фаолияти юзасидан маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларида ахборот бериш тартибини жорий қилиниши орқали судлар фаолияти шаффофлиги таъминланди. Суд қарорларининг Олий суд веб-сайтида эълон қилиб борилиши, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиниши, қабул қилинган суд қарорларини иштирокчиларга тушунтириш амалиётини йўлга қўйилганлиги фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
2020 йилдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга тўхталар экан, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлигини, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиши кераклигини таъкидлаган.
Суд соҳасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган 2020 йил 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг қўшма йиғилишда ўтган қисқа давр ичида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ижобий ишлар амалга оширилганлигига тўхталиб, шу билан бирга адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилинишига тўлиқ эришиш мақсадида одил судловга салбий таъсир ўтказаётган омилларни аниқлаш ва уларни тўлиқ бартараф этиш, суд ҳокимияти нуфузини янада ошириш зарурати мавжудлигини таъкидланган эди.
Қўшма йиғилиш давомида суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасида халқ билан очиқ мулоқот ўтказиш, жойлардаги муаммоларни ҳамда амалдаги ҳолатни ўрганиш, суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш мақсадида ҳудудларда депутатлар ва сенаторлар томонидан таҳлиллар ўтказилиши мақсадга мувофиқ деб топилди ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ушбу масалани жойида ўрганишга келишилди.
Ана шундай учрашувлардан бири парламент вакилларнинг жорий йилнинг 12 июнь куни Навоий вилоятига ташрифи давомида амалга оширилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Ж.Ширинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ 2020 йил 12 июнь куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди биносида вилоят судлари, прокуратура, адлия, адвокатура, ички ишлар вакиллари иштирокида “Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалалари парламент муҳокамасида” мавзусида давра суҳбати ўтказди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Тадбирда иштирокчилар томонидан мавзу бўйича таклифлар билдирилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари вилоят иқтисодий суди ҳамда Кармана туманлараро иқтисодий суди фаолияти билан танишиб, судья ва суд ходимлари билан суҳбатда бўлиб, тизимдаги ютуқ ва муаммоларга эътиборни қаратдилар.
Вилоят суди раиси Т.Абдраманов электрон иш юритуви бўйича батафсил маълумот бериб, тизимнинг амалда ишлашини кўрсатиб берди. Ишчи гуруҳ аъзоси, сенатор Э.Гадоев катта қизиқиш билан тизим фаолияти билан танишиб, республика идоралари орасида биринчи бўлиб судларда бундай тизим ва видеоконференцалоқа тартибида иш юритиш жорий қилинганини эътироф этди.
Шунингдек, ишчи гуруҳи аъзолари фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар, Кармана, Қизилтепа туман судлари, Навоий шаҳар, Кармана, Қизилтепа туман маъмурий судларига ташриф буюриб, судьялар ва суд ходимлари билан суҳбатда бўлдилар.
Бундан ташқари депутатлар вилоят нотариал идораси ва Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси вакиллари билан учрашди.
Парламент аъзолари Президент халқ қабулхонаси раҳбарияти билан учрашиб, судлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Амалга оширилган ташрифлар давомида судья, суд ходимлари, идора ва ташкилот вакиллари томонидан судлар фаолиятини янада яхшилаш бўйича фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдирилди.
Бу каби учрашувлар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, судлар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учқун Самандаров,
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди катта мутахассиси