February 7, 2020

ОҚЛОВ ҲУКМЛАРИ САЛМОҒИ

Истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг 80, 81, 83, 93, 107,110, 111-моддаларига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилди.

Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Кенгашни ташкил этиш ва унинг фаолияти 2017 йил 7 апрелда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Бу ўзгаришлар мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Кенгашга конституциявий мақом берилиши унга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Халқаро стандартларда бундай амалиёт доим юксак эътироф этилган бўлиб, кўпгина ривожланган демократик давлатлар конституцияларида ҳам бундай вазифани амалга оширувчи органлар фаолиятини тартибга солувчи нормалар ўз ифодасини топган.

Мамлакатимизда суднинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи чинакам мустақил институтга айлантириш борасида олиб борилаётган салмоқли ислоҳотларнинг доираси ва қамрови муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан эътиборлари ва ғамхўрликлари туфайли кенгайиб, янада жадаллашиб бормоқда. 

Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судлари томонидан 2019 йил давомида бир қатор ишлар амалга оширилганини айтиб ўтишни жоиз деб биламан.

Таҳлилларга кўра, 2019 йил давомида умумий рўйхатга олинган жиноятлар сони 2 минг 804 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 114 тага камайган.

Вилоят бўйича рўйхатга олинган жиноятлар 114 тага камайган бўлса-да, Қамаши, Косон, Чироқчи туманида кўпайганлиги кузатилди.

2092 шахсга нисбатан 1608 жиноят иши бўйича айблов ҳукми, 146 шахсга нисбатан 56 жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқарилган. 7 шахсга нисбатан жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган. 5 шахсга нисбатан иш тарафлар ярашмаганлиги сабабли суриштирув ёки дастлабки тергов юритиш учун юборилган.

Шахсан вилоят суди раиси томонидан жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг апелляция инстанциясида 21 нафар шахсга нисбатан 6 та ишда раислик қилиб, шундан 2 та иш бўйича 17 нафар шахс оқланган. Кассация инстанциясида раислик қилинган 4 та иш бўйича 32 нафар шахс айбсиз деб топилиб, реабилитация этиш йўли билан оқланган.

Биринчи инстанцияда 9 шахсга нисбатан 6 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқарилган. Апелляция инстанцияда 37 нафар шахс, кассация инстанцияда эса 100 нафар шахс оқланган.

Вилоят суди биносига кириш жойида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун замон талабларига мос алоҳида қабулхона ишлаб турибди, унда қабулга келган шахсларга қулайлик туғдирадиган барча шароитлар яратилган ва зарур ахборотлар билан таъминланган.

Президент парламентга қилган Мурожаатномасида судларнинг мустақиллигини таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Судларнинг ҳозирги фаолиятларидан розилигини ва Президент сифатида судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятлилигини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилдилар.

Шундай экан, биз судьялар фуқароларнинг, давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қонунга қатъий риоя қилишимиз ва халқнинг ишончини доимо қозонишимиз зарур.

Зеро, Президентимиз айтганларидек, Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануэл Кант айтганларидек, “Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган ҳеч нарса қолмайди”.

Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим.

 

Абдуқаюм Маҳкамов,

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди раиси