ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛИҚ МИҚДОРДА ТЎЛАНМАГАН
Facebook ижтимоий тармоғидаги «Суд ҳукмидан норозимисиз?» гуруҳида 2020 йил 20 май куни фойдаланувчи Нилуфар Усмонова томонидан эълон қилинган билдириш юзасидан маълумот
Маълум бўлишича, Н. Усмонова А. Пакирдинованинг вакили сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят келтирган.
Н. Усмонова ўз шикоятида фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 30 майдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2018 йил 16 ноябрдаги ҳал қилув қароридан норозилик билдириб, ушбу суд ҳужжатларини бекор қилишни сўраган.
Суд қарорларидан норози бўлган тарафлар, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 426 (назорат тартибида шикоят (протест) бериш тартиби ва муддати) ва 427-моддаси (назорат тартибидаги шикоятнинг (протестнинг) мазмуни) талабларига риоя қилган ҳолда назорат тартибидаги шикоят билан мурожаат этиб, унга ҳал қилув қарорининг нусхасини, апелляция ёки кассация инстанцияси ажримининг нусхасини илова қилиб, шунингдек давлат божи ва почта харажатларини тўлаб, мазкур тўлов квитанцияларнинг аслини илова қилиши лозим.
Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди фуқаролик иши бўйича ҳал қилув қарори қабул қилишда даъво баҳосидан келиб чиқиб, даъвогар Ф. Пакирдиновдан давлат фойдасига 1 290 920 сўм миқдордаги давлат божини ундирган.
Шундан келиб чиқиб, назорат тартибидаги шикоят билан мурожаат қилишда тўланилиши лозим бўлган давлат божининг миқдори 645 460 сўмни ташкил қилади.
Н. Усмонова назорат тартибидаги шикоят билан мурожаат қилишда суд қарорларининг нусхасини ҳамда почта харажатлари тўланганлиги тўғрисидаги тўлов квитанциясини аслини илова қилган бўлсада, 324 112,5 сўм миқдорда давлат божи тўланганлиги ҳақидаги тўлов квитанциясининг аслини тақдим этиб, давлат божининг қолган қисмини тўламаган.
Н. Усмонованинг шикоятида давлат божи тўлиқ миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаганлиги сабабли, шикоят унга илова қилинган ҳужжатлар билан 2020 йил 13 мартдаги 12-374-20-рақамли жавоб хати билан қайтарилган.
Н. Усмонова баён қилинган камчиликларни бартараф қилганда, унинг шикояти мазмуман кўриб чиқилиши мумкинлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати