ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ЭКСПЕРТ ХУЛОСАСИНИНГ АҲАМИЯТИ
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судида амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти туманлараро (туман) судлари судьялари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими ҳамда Сурхондарё вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси экспертлари иштирок этишди.
2020 йил 1 март ҳолатида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 122 та фуқаролик ишлари тўхтатилган бўлиб, шундан 95 таси бўйича турли хил (қурилиш-техника, хатшунослик, руҳшунослик экспертизаси ва ҳ.к.) экспертизалар тайинланган.
Семинарда экспертларнинг хулосалари фуқаролик ишлари бўйича муҳим далил эканлиги қайд этиб ўтилди. Шу боис, судьялар фуқаролик иши бўйича суднинг ажримига асосан тайинланган экспертизаларни ўз вақтида ва тўғри, тўлиқ ўтказилишини таъминлаш борасида фикрларни билдиришди.
Республика суд экспертиза маркази Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими катта эксперти Ш.Шайманов ва Сурхондарё вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси, амбулатор суд-психиатрия экспертиза раиси С.Жумаевлар судларнинг ажримларида саволларнинг тўғри қўйилиши муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлашди. Шунингдек, экспертлар ҳамкорликда ҳал қилиниши лозим бўлган айрим муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан ўз фикрларини баён этишди.
Семинар йиғилиш экспертлар ва судьялар ўртасида қизғин савол-жавоб ва фикр алмашиш тарзида ўтгани билан аҳамиятли бўлди.
Баҳодир Жумаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди раиси