November 25, 2020

ЖИНОЯТ ИШИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА КЎРИЛМОҚДА

Human.uz ахборот порталида «Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қонунни менсимайдими?» сарлавҳали мақола юзасидан

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 2019 йил 1 ноябрдаги ҳукмига кўра судланган Р. Акрамов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида, яъни 51 672 000 сўм жарима жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) га асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 295 баравари миқдорида, яъни 50 810 800 сўм жарима жазоси қолдирилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ депозит ҳисоб рақамида сақланаётган 212 500 000 сўм жабрланувчи А. Эргашевга, суд мажлисида тўланган 80 700 000 сўм ва 409 183 106 сўмга баҳоланган мебел фурнитуралари сотилиб, сотувдан тушган пул маблағи жабрланувчи А. Комиловга ундирилиши, 133 871 000 сўмлик моддий зарар масаласи низоли бўлган тошкент шаҳар Юнусобод тумани 13-даҳаси 1А-уй 131 ва 132-хонадонлар масаласи фуқаролик суди иш юритувида ҳал қилингунга қадар очиқ қолдирилиши, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 17-даҳаси 34-уй 19 ва 20-хонадонларга қўйилган тақиқ бекор қилиниши белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 9 январдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 15 сентябрь кунидаги ажрими билан апелляция инстанцияси ажрими бекор қилинган.

Жиноят ишини апелляция инстанциясида қайтадан кўриш 2020 йил 5 ноябрь куни бошланиб, навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 26 ноябрь куни соат 16:00 га белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати