ШИКОЯТ ҚАНОАТЛАНТИРИЛМАСДАН ҚОЛДИРИЛГАН
YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро И. Шерматовнинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг иш юритувига 2012 йил 30 декабрь куни Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандлари ва 205-модда 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан айбланган И. Шерматов ва бошқаларга оид жиноят иши келиб тушган.
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2013 йил 15 мартдаги ҳукми билан И. Шерматовнинг айбидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “в” банди ва 205-моддаси 2-қисми “б” банди чиқарилиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди ва 205-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 59-моддаси тартибида 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан махрум қилиш жазосига судланган.
Олий Мажлис Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарори 7-банди “а” кичик бандига асосан И. Шерматовга тайинланган жазонинг ўталмаган қисми учдан бир қисмига қисқартирилган.
И. Шерматовнинг шикоятига асосан жиноят иши жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан 2013 йил 7 августда кўрилиб, ҳукм ўзгаришсиз шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси томонидан И. Шерматовнинг айбидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “в” бандини чиқариш ҳақида 2016 йил 18 июлда назорат тартибида протест келтирилган.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди Раёсатининг 2016 йил 21 июлдаги қарорига асосан ҳукмнинг И. Шерматовга оид қисми ўзгартирилиб, унинг айбидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг “в” банди чиқарилиб, ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суд судьяси О. Арабов томонидан судланган И. Шерматовнинг ўзига нисбатан чиқарилган суд қарорлари устидан назорат тартибида келтирган шикояти ўрганиб чиқилиб, 2018 йил 2 ноябрда суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида ажрим чиқарилган ва шикоят қаноатлатиришдан рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати