September 3, 2020

З. РАҲИМОВНИНГ ИШИГА ОИД

2020 йил 22 августда YouTube тармоғида Зокиржон Раҳимов томонидан эълон қилинган видеомурожаат юзасидан маълумот

З. Раҳимов “AZIZ SANJAR SERVIS PLYUS” МЧЖ таъсисчиси бўла туриб, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғининг раиси Х. Шукуров ва маҳалла масъул котибаси С. Ҳакимовалар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳда бўлиб, “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Шайхонтоҳур кўчаси,
117 “А” уйда жойлашган маҳалла гузар биносини 2012 йил 6 ноябрда, Шайхонтоҳур тумани “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинининг
2012 йил 30 августдаги баённомасини қалбакилаштириб, гўёки маҳалла фуқаролари мазкур маҳалла гузарини сотишларига рози эканликлари тўғрисида сохта ёзувлар киритиб, баённомани қалбакилаштириб, маҳалла оқсоқоли Е. Раҳматов номига берилган 2012 йил 30 июндаги ишончномага асосан Е. Раҳматов ва З. Раҳимов ўртасида олди-сотди шартномаси тузишиб, умумий баҳоси 100 000 000 сўм бўлган маҳалла гузарини 20 000 000 сўмга сотиб, З. Раҳимов номига нотариал тартибда расмийлаштириб берадилар ҳамда З. Раҳимов томонидан Шайхонтоҳур тумани Халқ банки орқали “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳисоб рақамига юқорида кўрсатилган олди-сотди шартномаси асосида келиб тушган 20 000 000 сўм пуллардан, 2013 йил 8 февраль ва 2013 йил 18 апрелда фуқаро Ш. Олимовнинг ўқиш шартномаси учун Тошкент Давлат Ирригация Муҳандислик институти ҳисоб рақамига 900 000 сўм ҳамда 1 100 000 сўм, 2013 йил 26 март “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинининг баённомаси асосида, маҳалла оқсоқоллари номига байрам муносабати билан ёрдам пули ҳисобида 1 050 000 сўм пулларни чиқим қилиб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбланганлар.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2013 йил 17 сентябрдаги ҳукмига кўра, З. Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28,167-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 28,209-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 % миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, Е. Раҳматов ва З. Раҳимов ўртасида 2012 йил 6 декабрда тузилган расмий рўйхат китобидан 1-2932-сон билан қайд этилган Шайхонтоҳур тумани, “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Шайхонтоҳур кўчаси, 117 “А” уйда жойлашган маҳалла гузар биносини олди-сотди шартномаси бекор қилинган.

З. Раҳимовнинг фойдасига Шайхонтоҳур туман “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинидан 20 000 000 сўм пул маблағларини ундириш белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2013 йил 24 октябрдаги ажримига кўра, туман судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Шундан сўнг, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Раёсатининг 2014 йил 13 мартдаги қарорига кўра, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилиб, суд ҳукмининг ундирувга оид қисми мувофиқлаштирилиб, Шайхонтоҳур туман “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳисоб рақамига З. Раҳимов томонидан тўлаб берилган 20 000 000 сўм пул маблағларини маҳалла фуқаролар йиғини ҳисобидан З. Раҳимов фойдасига ундириш қисми чиқарилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2014 йил 10 июлдаги ажримига кўра, Х. Шукуров, С. Ҳакимова, З. Раҳимовга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясининг ажрими ҳамда шу суд Раёсати қарорининг фуқаровий даъвога оид қисми ўзгартирилган.

Суд ҳукмидан Е. Раҳматов билан З. Раҳимов ўртасида 2012 йил 6 ноябрда тузилган, расмий рўйхат китобида 1-2932-сон билан қайд этилган Шайхонтоҳур туман “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, Шайхонтоҳур кўчаси, 117 “А” уйда жойлашган маҳалла гузар биносини олди-сотди шартномаси бекор қилиш, З. Раҳимовнинг фойдасига Шайхонтоҳур туман “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинидан 20 000 000 сўм пул маблағлари ундириш қисми чиқарилган.

Шайхонтоҳур кўчаси, 117 “А” уйда жойлашган маҳалла гузар биноси унинг қонуний эгаси Шайхонтоҳур туман “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинига қайтариш белгиланган.

Шайхонтоҳур туман “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Шайхонтоҳур кўчаси, 117 “А” уйда жойлашган маҳалла гузар биносини олди-сотди шартномаси бекор қилиш масаласи прокурорнинг аризаси асосида фуқаролик иш юритуви тартибида ҳал этилиши лозимлиги эътироф этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2017 йил 30 мартдаги қарорига кўра, жиноят иши юзасидан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция ажрими, шу суд Раёсатининг қарори ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрми бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 6 октябрдаги ажримига кўра, туман судининг ҳукми ўзгартирилиб, З. Раҳимовнинг айбидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28,167-моддаси 3-қисмининг “а” банди чиқарилган ва шу модда билан тайинланган жазо бекор қилинган.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 23 апрелдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 6 октябрдаги ажримининг З. Раҳимовга оид қисми бекор қилинган ва жиноят ишининг шу қисми янгитдан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 2 июлдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2013 йил 17 сентябрдаги ҳукмининг З. Раҳимовга оид қисми бекор қилинган.

З. Раҳимовнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28,167-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 28,209-моддасининг l-қисми билан содир этилган жиноятга дахли бўлмаган деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланган ҳамда ишнинг ушбу қисми ҳаракатдан тугатилган.

З. Раҳимовга мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддаларига асосан, даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Бундан ташқари, фуқаро З. Раҳимов иштирокида фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида 2 та фуқаролик иши кўриб чиқилган.

Биринчи иш - даъвогар Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман прокурори жавобгар З. Раҳимовга нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва бинони маҳалла тасарруфига қайтариш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2017 йил 27 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, Шайхонтоҳур тумани 7-сонли давлат нотариал идораси томонидан 2012 йил 6 ноябрда 1-2932-сон билан қайд этилган “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғини ва Рахимов Зокиржон Тахирджанович ўртасида тузилган Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Шайхонтоҳур кўчасидаги 117 “А” уйда 1 500 кв. м. ер майдонида жойлашган маҳалла гузари биносининг олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган.

“AZIZ SANJAR SERVIS PLYUS” МЧЖ таъсисчилари умумий йиғилишининг 2012 йил 4 декабрдаги йиғилиш баённомаси ва маҳалла гузарини “AZIZ SANJAR SERVIS PLYUS” МЧЖ тасарруфига ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб топилган.

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Шайхонтоҳур кўчасидаги 1 500 кв. м. ер майдонидаги 117 “А” уйда жойлашган маҳалла гузари биноси “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғини тасарруфига ўтказилган.

Суднинг 2017 йил 6 ноябрдаги қўшимча ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинидан жавобгар З. Раҳимовнинг фойдасига 20 000 000 сўм ундирилган.

Мазкур ҳал ққилув қарорига нисбатан юқори суд инстанцияларида шикоят келтирилмаган, ҳал қилув қарори қонуний кучда.

Фақат, ушбу ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиш ҳақида жавобгар З. Раҳимов томонидан ариза келтирилган бўлиб, суднинг 2019 йил 14 августдаги ажрими билан ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиш рад қилинган.

Аризада ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилишга асос сифатида З. Раҳимов жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 2 июлдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28,167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28,209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятга дахли бўлмаган деб топилганлигини ва Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланганлигини келтирилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 2 июлдаги ажримида ҳам гарчи аризачи – жавобгар З. Раҳимовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 28,167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28,209-моддаси 1-қисми билан нотўғри квалификация қилинганлиги кўрсатилган бўлсада, шу билан бирга “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Х. Шукуров мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби С. Ҳакимова билан олдиндан тил бириктириб, ҳужжатларни сохталаштирганлиги қайд этилган.

Яъни, низоли олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга асос бўлган маҳалла фуқаролар йиғинининг 2012 йил 30 августдаги баённомаси ҳозирги кунда ҳам суд қарорларига кўра қалбакилаштирилган ҳисобланади, зеро, ушбу баённомани қалбакилаштирган деб ҳисобланган “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Х. Шукуров ва маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби С. Ҳакимоваларнинг ҳаракатлари реабилитация қилинмаган, баённомаларнинг ҳақиқийлиги белгиланмаган, фақат ушбу баённомани қалбакилаштиришдаги аризачи З. Раҳимовнинг иштироки истисно қилинган.

Низоли олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун асос бўлган “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинининг 2012 йил 30 августдаги баённомасини қалбакилаштиришда аризачи З. Раҳимовнинг айбсиз эканлиги ушбу баённомани қалбакилаштирган бошқа шахслар ҳозирги кунга қадар қонуний кучда бўлган суд ҳукмига кўра айбдор эканлиги сабабли баённоманинг ҳақиқий эканлигини – қонуний тарзда тузилганлигини англатмайди.

Қайд этилганларга кўра, суд низоли олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишда асосланган “Тахтапул” маҳалла фуқаролар йиғинининг 2012 йил 30 августдаги баённомаси уни қалбакилаштирган шахслар ушбу ҳолат юзасидан ҳозирги кунга қадар айбдор ҳисобланишлари сабабли мазкур баённома ҳозирда ҳам қалбаки, аризада келтирилган ҳолат эса баённоманинг қалбаки эканлигини истисно этмайди, фақат баённомани қалбакилаштиришда жавобгар З. Раҳимовнинг иштирокини истисно этади.

Ушбу асосга кўра, ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиш ҳақидаги аризани қаноатлантириш рад қилинган.

Суднинг мазкур ажрими фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 17 сентябрдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган.

Иккинчи иш – даъвогар Шайхонтоҳур туман прокурори З. Раҳимов манфаатларида жавобгар «Тахтапул» МФЙга нисбатан харажатларни ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Суднинг 2020 йил 11 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси – қисман қаноатлантирилган.

Жавобгар «Тахтапул» МФЙдан манфаатдор шахс З. Раҳимов фойдасига 291 047 730 сўм харажатлар ундирилган.

Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад қилинган.

Жавобгар «Тахтапул» МФЙдан давлат фойдасига 11 641 909 сўм 20 тийин давлат божи ундирилган.

Манфаатдор шахс З. Раҳимовдан давлат фойдасига 223 000 сўм давлат божи ундирилган.

Мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар «Тахтапул» МФЙ томонидан келтирилган апелляция шикояти давлат божи тўланмаганлиги сабабли қайтарилган, манфаатдор шахс З. Раҳимов томонидан келтирилган апелляция шикояти шикоят муаллифига апелляция шикоятини бериш муддати ўтганлиги сабабли қайтарилганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати