Effekt.uz ахборот агентлигининг YouTube тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган тадбиркор А. Саломовнинг видеомурожаати юзасидан
Видеолавҳада тадбиркор А. Саломов Пастдарғом туманида метан газ қуйиш шоҳобчаси қурилишига тегишли тартибда рухсатнома олиб, қурилиш ишларини бошлаганлиги, лекин турли тўсиқларга дуч келаётганлиги, суд томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасининг даъвоси қаноатлантирилгани, унинг қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлари эса эътиборга олинмаганини таъкидлаган.
Аниқланишича, Самарқанд транспорт прокурорининг даъвогар – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси манфаатида жавобгар – “Жамолиддинов Афросиёб Элдорович” хусусий корхонасига нисбатан туман иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган ва Пастдарғом тумани “Арабхона” ҚФЙ, “Равот” маҳалласи ҳудудида жавобгар томонидан қурилиши бошланган автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияси (АГТКС) бино-иншоотини бузиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Пастдарғом туман иқтисодий суди томонидан 2020 йил 6 октябрда даъво аризаси иш юритувига қабул қилинган ва 4-1407-2001/1104-сонли иқтисодий иш қўзғатилган. Суд ишдаги ҳужжатларни текшириб, далилларга баҳо бериш баробарида Шаҳарсозлик кодексининг 4-моддаси ва “Темир йўл транспорти орқали хавфли юкларни ташиш қоидалари” ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган 2020 йил 11 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво ариза қаноатлантиришни лозим деб топган.
Жавобгар – “Жамолиддинов Афросиёб Элдорович” хусусий корхонаси томонидан туман иқтисодий судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Самарқанд вилоят иқтисодий судига апелляция шикояти киритилган.
Апелляция шикояти Самарқанд вилоят иқтисодий суди томонидан 2021 йил 8 январда кўриб чиқилган ва жавобгар “Жамолиддинов Афросиёб Элдорович” хусусий корхонасининг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган ҳамда Пастдарғом туман иқтисодий судининг 2020 йил 11 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Суднинг ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда, тарафлар ёки уларнинг ҳимоячиси Иқтисодий процессуал кодексининг 284-моддаси тартибида Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайаътига кассация тартибида шикоят бериш (протест келтириш) ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
ҳамкорлик бошқармаси