З. ТОЛИБОВАНИНГ ИШИГА ОИД
2020 йил 13 августда YouTube тармоғидаги “Jamoatchilik nazorati” каналида эълон қилинган фуқаро Зулфия Толибованинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Ушбу видеолавҳада Бухоро вилоятининг Бухоро туманида яшовчи фуқаро З. Толибованинг судларнинг ноқонуний чиқарилган қарорлари ўзгаришсиз қолдирилиб, бекор қилинмаётганлиги ва иши кўрилмаётганлиги ҳақида фикр бирдирилган.
Аслида эса ҳолат қуйидагичадир.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 12. 11. 2018 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Бухоро туман ҳокимлигининг жавобгар З. Толибовага нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган деворни бартараф қилиш ва ер майдонини аввалги ҳолатига келтириш тўғрисидаги даъвоси қаноатлантирилиб, Бухоро тумани “Дўстлик” МФЙ Буюк ипак йўли кўчаси 20/7-уйда яшовчи жавобгар З. Толибова томонидан мазкур уй-жойи олд чегара ҳудудидаги ерда қурилган 7.0 кв. метрдаги девор қурилмаси жавобгар ҳисобидан бартараф этилиши ва ер майдони аввалги ҳолатига келтирилиши, жавобгардан давлат фойдасига 405 460 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясиинг 31. 01. 2019 йилдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 12. 11. 2018 йилдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Суд даъвони қаноатлантиришда, жавобгар З. Толибова томонидан ҳақиқатдан ҳам 7,0 кв. метр ер майдони ноқонуний тарзда эгалланиб, девор қурилган, яъни ҳуқуқий ҳужжатларсиз ва рухсатсиз бажарганлигига асосланган.
Бундан ташқари, суд холислигини таъминлаш мақсадида иш бўйича тегишли хулосалар олиш Бухоро туман эмас, балки Вобкент туман кадастр филиали мутахассисларига юкланган ва уларнинг хулосалари олинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 23. 06. 2020 йилдаги ажрими аризачи З. Толибова суднинг 12. 11. 2018 йилдаги ҳал қилув қарорини янги очилган асослар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризаси рад қилинган.
Фуқаро З. Толибованинг фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 23. 06. 2020 йилдаги ажримидан норози бўлиб, 29. 06. 2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят судига ёзган апелляция хусусий шикояти 30. 06. 2020 йилда туманлараро судига тааллуқлилик бўйича юборилган.
Бухоро туманлараро судининг 07. 07. 2020 йилдаги ажрими билан аризачи З. Толибованинг суднинг 23. 06. 2020 йилдаги ажрими бўйича келтирган апелляция хусусий шикояти суд харажатини нотўғри ҳисоб рақамига тўлаганлиги сабабли ҳаракатсиз қолдирилиб, 15 кун муҳлат берилган.
З. Толибова берилган муҳлат ичида камчиликни бартараф қилган ва унинг хусусий шикояти вилоят суди иш юритувига 22. 07. 2020 йилда келиб тушган.
Вилоят суди апелляция инстанциясисининг 2020 йилнинг 18 августдаги ажрими билан туманлараро судининг 23. 06. 2020 йилдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.
Кўриниб турибдики, фуқаро З. Толибованинг судларнинг ҳужжатларидан норозилиги ва ишлар ўз вақтида кўрилмаётганлиги ҳақидаги важлари асоссиз бўлиб, бир томонлама фикр билдирилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати