ЗАФАР ЖЎРАЕВГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ ЮЗАСИДАН БАЁНОТ
Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг 2021 йил 11 мартдаги ҳукмига асосан Зафар Жўраев (1989 йилда Қарши шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий маълумотли, оилали, ишсиз, муқаддам судланган) га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Суднинг ҳукмига кўра З. Жўраев 2019 йил 9 декабрдан 2020 йил 24 июлга қадар Муборак туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари-матбуот котиби вазифасида ишлаб келиб, ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқаро М. Ўриновга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, яъни савдо дўкони қуриши учун кимошди савдоси орқали Муборак тумани марказидан ер майдони олиб беришни ваъда қилган. Шу йўл билан унинг ишончига кириб, 2020 йил 10 март куни “Миллий банк” ТИФ Муборак тумани филиали маъмурий биноси олдида М. Ўриновдан 2 миллион 400 минг сўм миқдоридаги маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда айбли, деб топилган.
Бошқа бир эпизод, аниқроғи, З. Жўраев Ш. Нормўминовдан 1 000 000 сўм, З. Мустафоевдан 1 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлигига оид айблов бўйича судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли айбсиз деб топилган ва реабилитация этиш йўли билан оқланган, жиноят ишининг мазкур қисми тугатилган.
Косон туман прокурори томонидан суднинг мазкур ҳукмига нисбатан апелляция протести келтирилган бўлиб, унда суд томонидан З. Жўраев жабрланувчилар Ш. Нормўминов ва З. Мустафоевларнинг эпизоди бўйича асоссиз равишда оқланганлиги, жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 45 ва 60-моддаларига асосан жазо тайинлаш масаласи муҳокама қилинмасдан қолганлиги сабабли З. Жўраевни оқлаш қисмини бекор қилиб, Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари билан айбли, деб топиш, Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, Жиноят кодекси 60-моддаси тартибида жазо тайинлаш сўралган.
Ўз навбатида З. Жўраев томонидан суд ҳукмига нисбатан апелляция шикояти келтирилган бўлиб, унда жабрланувчи М. Ўриновга оид эпизод бўйича етарли далил ва гувоҳларсиз айбланганини, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Апелляция инстанцияси судида З. Жўраевнинг илтимосномаси қаноатлантирилган ва суд мажлисида ОАВ вакиллари иштирок этишига рухсат берилган.
Суд мажлиси белгиланган куни судланувчи З. Жўраев ва жабрланувчи М. Ўринов сўроқ қилинган, тарафлар музокараси эшитилган.
Судланган З. Жўраевнинг шикоятидаги М. Ўриновдан пулни қарз эвазига лганлиги, ушбу эпизод бўйича унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги ҳақидаги важлари қуйидагиларга асосан рад қилинган:
Жабрланувчи М. Ўринов аризаси ва дастлабки тушунтириш хати, сўроқ ва ўзлаштириш чоғида, биринчи ва апелляция инстанцияси судида, З. Жўраевга тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи эканлигини, ер кераклигини, дўкон олиш нияти борлигини айтганида, аукциондан ер олишда ёрдам қилишини билдириб, ундан 2 400 000 сўм олганлигини, лекин ер ҳам олиб бермаганини, пулни ҳам қайтармаганини маълум қилган.
Жабрланувчи М. Ўриновнинг бу тушунтириши З. Жўраевга юборилган хабарнома билан ҳам ўз тасдиғини топган. З. Жўраев томонидан ушбу хабарномага бирор-бир эътироз билдирилмаган.
Бундан ташқари, жабрланувчи М. Ўринов апелляция инстанцияси судида, З. Жўраев билан муносабатлари унга қарз берадиган даражада яқин бўлмагани, ўша вақтда ҳам, ҳозир ҳам бировга қарз бериш имкони йўқлигини тушунтириб ўтган.
Дастлабки тергов, биринчи ва апелляция инстанцияси судларида, судланган З. Жўраев жабрланувчи М. Ўринов билан танишиб, унинг ишончига кириб, савдо дўкони қуриш учун аукцион орқали Муборак тумани марказидан ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан фирибгарлик жиноятини содир этганлиги ўз тасдиғини тўлиқ топган.
Судланган З. Жўраевнинг жабрланувчи М. Ўринов билан танишиб, пулни олишдан бошлаб ўтган давр мобайнидаги ҳаракатлари унинг айнан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида жабрланувчининг ишончига кириб, алдаб, унинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлигидан далолат беради.
Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 26 апрелдаги ажримига кўра, суд ҳукми ўзгартирилган:
З. Жўраев мансабдор шахс ҳисобланмаганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан қўйилган айб чиқарилган.
З. Жўраевга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ушбу кодекснинг 57-моддасига асосан иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
З. Жўраевга Жиноят кодекси 60-моддасига асосан иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
З. Жўраевнинг дастлабки қамоқда сақланган муддати 4 ой 20 кун Жиноят кодекси 62-моддасига асосан тайинланган 1 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тенг бўлганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодекси 463-моддаси 2-қисми 2-бандига асосан жазодан озод қилинган.
Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Протест қисман қаноатлантирилган, шикоят қаноатлантиришсиз қолдирилган.
Судланувчи ва унинг ҳимоячисига суд қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи ва тартиби тушунтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси