KUN.UZ САЙТИДА 2021 ЙИЛ 4 ЯНВАРЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “ЖИЗЗАХДАГИ БИР АУКЦИОН МАШМАШАСИ: CУДЛАР ТАДБИРКОР АЁЛ ЗАРАРИГА ҚАРОР ЧИҚАРМОҚДА” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛА ЮЗАСИДАН БАЁНОТ
Даъвогар “UZ KAMOL TEKS” МЧЖ судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонасида тузилган 2019 йил 22 ноябрдаги ОА 0306-000055-сонли аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2020 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар “UZ KAMOL TEKS” МЧЖнинг жавобгарлар мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бўлими ва Г. Алиевага нисбатан аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талаблари қаноатлантирилиб, “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан 2019 йил 22 ноябрда ўтказилган Жиззах шаҳар, “Нурлиобод” МФЙ, Жиззах кичик зонаси жойлашган ишлаб чиқариш цехини сотиш бўйича ЛОТ 0140370 очиқ аукцион ҳамда Г. Алиеванинг номига 2019 йил 22 ноябрда берилган ОА 0306-000055-сонли электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённома ҳақиқий эмас деб топилган.
Жавобгарлар Мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бўлими ва Г. Алиевадан даъвогар “UZ KAMOL TEKS” МЧЖнинг фойдасига тўланган 515 610 сўм суд харажатлари ҳамда давлат фойдасига 11 600 000 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Г. Алиеванинг фойдасига “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонасидан 3 025 000 сўм, АТ “Алоқабанк” Жиззах филиалидан 203 227 623 сўм, мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бўлимидан 4 145 836 сўм, давлат бюджетидан 4 064 228 сўм, “UZ KAMOL TEKS” МЧЖдан 88 037 313 сўм ундириш белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 5 ноябрдаги ажрими билан юқоридаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, Г. Алиева томонидан берилган апелляция шикояти ва Жиззах шаҳар прокурорининг апелляция протести қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Бундай хулосага келишда биринчи инстанция суди ва вилоят суди апелляция инстанцияси даъвогар томонидан гаровга қўйилган мулк ҳамда суд қарори билан ундирув қаратилган бино бир қават эканлиги, давлат ижрочиси томонидан тузилган далолатномада бино икки қаватли эканлиги аниқланганлиги, давлат ижрочиси томонидан ижро ҳужжати бўйича судга тушунтириш билан чиқмаганлиги, бир қаватли бино нархланиб, сотилиш ўрнига бир қаватли бино учун белгиланган баҳо бўйича икки қаватли бино сотувга чиқарилганлиги, Г. Алиева ҳам икки қаватли бинони сотиб олганини билдираётганлиги, ваҳоланки иқтисодий суд қарори билан ундирув бир қаватли бинога қаратилган бўлганлиги, иккинчи қават ўзбошимчалик билан қурилма ҳисобланиб, эгалик ҳуқуқи белгиланмаганлиги сабабли сотилиши ҳам мумкин эмаслиги, Фуқаролик кодексининг 381-моддасига кўра, қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилган кимошди савдоси манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги, шу сабабли онлайн-аукцион савдосини ўтказиш тартиби бузилганлиги, мажбурий ижро бюроси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текширувида ҳам бино қонунга зид равишда аукционга чиқарилгани тасдиқланганлиги, бундай ҳолатда онлайн-аукцион савдо баённомаси ҳақиқий саналмаслигини эътиборга олган.
Юқоридаги суднинг қарорларидан норози бўлган тақдирида Г. Алиевага Фуқаролик процессуал кодексининг талабларига мувофиқ тегишли тартибда Олий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати